Француз тили бўйича диктант ёзувчилар учун Париж шаҳридаги Елисей майдонида юзлаб мактаб парталари ўрнатилди. Ташкилотчилар маълум қилишича, ушбу тадбир иштирокчилар сони бўйича Гиннес рекордига даъво қилади, деб ёзмоқда “РИА Новости”.
Якшанба куни Парижнинг бош хиёбонида одатий машина оқими ўрнига текис қилиб мактаб парталари жойлаштирилди. Бу ерда ёши 10 дан ошган ҳар ким Бодлер ва Бальзак тилида билимини синаб кўриши мумкин эди. Хоҳловчилардан фақат шаҳар мэрияси сайтида рўйхатдан ўтиш талаб қилинди.
Хабарда айтилишича, тепадан офтоб уришига қарамай, майдонда бўш ўрин қолмаган. Диктант ёзиш учун Елисей майдонига мактаб ўқувчилари, талабалардан тортиб, кекса французларгача келган. Зафар аркасида ўрнатилган болаликдаги ёзув тахтасини эслатувчи саҳнада шундай сўзлар битилган: иштирокчиларга ёзиш, хатосини тўғрилаш учун матн уч марта ўқиб эшиттирилади. Ким битта ҳам хатога йўл қўймаса, ғолиб чиқади.
Шаҳар ҳукумати кун давомида болалик, замонавийлик ва спорт мавзусида жами уч хил диктант ташкил қилди. Ҳар бир машғулотда 1700 киши иштирок этиш имконига эга бўлди.
Тадбир ташкилотчилари жаҳон рекордини ўрнатмоқчи. Дастлабки маълумотга кўра, синовда 5000 киши иштирок этган. Француз матбуоти ёзишича, шаҳар мэрияси жами 40 минг даъвогардан ариза қабул қилиб олган.
Оммавий диктант ёзиш бўйича аввалги рекорд 2018 йил қайд этилган. Ўшанда Франциянинг Стад-де-Франс стадионида 1 473 киши диктант ёзганди.