Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда вазирлик фаолиятининг устувор йўналишлари, хусусан, вазирлик тизимига ўтказилаётган ташкилотлар, янги ва қайта ташкил қилинаётган тузилмалар фаолиятини йўлга қўйиш, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тизим фаолиятини трансформация қилиш бўйича қилинадиган ишлар ҳамма-ҳаммаси белгилаб берилган.

Қарорга кўра, тизимда мониторинг ишларини амалга ошириш учун Ситуацион марказ, шунингдек, Париж битими (Париж, 2015 йил 12 декабрь) доирасида қабул қилинган мажбуриятларни бажариш, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги вазифаларга эришиш ҳамда яшил трансформация, шу жумладан, «яшил сертификат» ва экологик маркировкалаш тизимларини жорий этишга масъул бўлган Яшил трансформация ва иқлим ўзгаришига мослашиш миллий маркази ташкил этилади.

2023 йил 1 июлга қадар «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхоналари ва ободонлаштириш бошқармаларига тегишли қаттиқ маиший чиқинди полигонлари вазирлик тасарруфига ўтказилади.

2025 йил 1 январга қадар тиббиёт муассасалари, ветеринария ва фармацевтика соҳаси ташкилотлари чиқиндилари санитар тозалаш корхоналари томонидан марказлашган ҳолда амалга оширилади.

Қарорда 2024 йил 1 январдан бошлаб Бўстонлиқ ва Зомин туманларидаги туристик-рекреацион зоналарда экологик тоза ҳудуд режими татбиқ этилиши кўзда тутилган.

2023 йил 1 июлдан бошлаб бир ой давомида ҳудудларда дарахтларнинг илдиз тизимларини бетон ва асфальт қопламаларидан, турли чироқ мосламаларидан, реклама баннери ва шитларидан бўшатишга қаратилган «Дарахтга нафас беринг» оммавий тадбирлари ўтказилади.

2024 йил 1 мартдан бошлаб экологик тоза ҳудуд режими жорий қилинган ҳудудлардаги фуқаролар йиғинларига «экомаҳалла», «экоқишлоқ» ва «экоовул» мақоми берилади. Фуқаролар йиғинига тегишли ҳудудда электр энергияси қуёш батареяларига алмаштирилади, йўналишли электробус ҳаракатланиши йўлга қўйилади, «яшил боғ» ва «яшил жамоат парк»лари ташкил этилади, савдо шохобчаларида пластик пакетлар савдоси тақиқданади. Маиший чиқиндиларни саралаш, шунингдек, қайта ишланадиган чиқиндиларни қабул қилиш учун фондоматлар ўрнатилади.

«Экомаҳалла», «экоқишлоқ» ва «экоовул» мақоми ҳудудда яшовчи фуқаролар розилиги билан вазирлик томонидан берилади.

Қарорда Янги Тошкент ҳудудида вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар, шу жумладан, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети мажмуаси қурилиши билан боғлиқ вазифалар ҳам кўрсатиб ўтилган.

 

ЎзА