Мамлакатимизда муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўриш ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йил 1 июнь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Республикаси президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олишни сўраб мурожаат қилди. Шунингдек, номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақаларини тақдим этди.
Марказий сайлов комиссиясининг ишчи гуруҳи ҳамда эксперт гуруҳлари қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан тақдим этилган барча ҳужжатларни текшириб чиқади.
Ҳужжатлар, шу жумладан, номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари қонунчилик талабларига мувофиқ бўлса, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш ҳақида қарор қабул қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА