БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий департаменти яқинда тайёрлаган ҳисоботда инфляция ва фоиз ставкаси ўсиши асносида жаҳон иқтисодиёти узоқ давом этадиган секин ўсиш даврига дуч келаётгани айтилган. Экспертлар жаҳон иқтисодиётининг жорий ҳолатига баҳо берар экан, жорий йил глобал ялпи ички маҳсулот ўсиши 2,3 фоизни ташкил қилиши мумкинлигини тадқиқот хулосаси сифатида келтирмоқда.

Тўғри, бу ҳам ижобий кўрсаткич, лекин пандемиядан олдинги ўртача ўсиш 3,1 фоиз бўлгани ҳисобга олинса, сезиларли пасайиши аён. Қолаверса, 2024 йил учун прогноз ҳам 2,5 фоиз. Холбуки, жорий йил бошида БМТ мутахассислари келгуси йил глобал иқтисодиёт янада ишончли ўсиши мумкинлигини башорат қилган эди. Афсуски, CОVID-19 пандемияси оқибати, иқлим ўзгаришининг кучайиб бораётган таъсири ва таркибий макроиқтисодий муаммолар глобал иқтисодий кўрсаткичга босим ўтказишда давом этмоқда.

АҚШда 2023 йил учун ўсиш прогнози уй хўжалиги харажати барқарор ошиши асносида 1,1 фоиз кўтарилган. Европа Иттифоқи иқтисодиёти 0,9 фоиз ўсиши кутилмоқда, бу газ нархи пасайиши ва истеъмол харажати кўтарилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Хитой ҳукуматининг CОVID-19 пандемияси билан боғлиқ чекловни бекор қилиш қарори туфайли ялпи ички маҳсулот ўсиши 5,3 фоизга етиши башорат қилинмоқда.

Экспертлар фақат қудратли давлатлар иқтисодиётига баҳо бериш билан чекланиб қолмаган, албатта. Зеро, дунё иқтисодиёти фақат шу мамлакатлар кўрсаткичини ифодаламайди. Ҳисоб-китобга қараганда, кўплаб ривожланаётган мамлакатлар ўсиш прогнози кескин кредит шарти ёки ташқи молиялаштириш харажати ошиши сабабли, қайта кўриб чиқилган.

Африка ва Жанубий Америка мамлакатларида бу йил ЯИМ ўсиши жуда паст, яъни иқтисодий кўрсаткич узоқ муддатли турғунлик тенденциясини намоён этади.

Энг кам ривожланган мамлакатлар иқтисодиёти 2023 йили атиги 4,1 фоиз, 2024 йилда эса 5,2 фоиз ўсади. Aфсуски, бу 7 фоизлик мақсаддан анча паст, дейишади мутахассислар.

Шундай экан, жаҳон ҳамжамияти кўплаб ривожланаётган мамлакатлар дуч келаётган молиявий тафовутни зудлик билан бартараф этиши ва барқарор ривожланишга муҳим сармоя киритиш салоҳиятини кучайтириши керак.
Ҳисоботда таъкидланишича, Россия – Украина зиддиятининг иқтисодий оқибати, жумладан РФга қарши санкциянинг собиқ иттифоқ ҳудуди истиқболига таъсири давом этмоқда.

Россия иқтисодиёти 2023 йил бироз кучсизланди, 2024 йилда эса ўсиши кутиляпти. Европадан Осиёга йўналтирилган нефть экспортидан тушум 2023 йил биринчи чоракда кескин камайди. Иқтисодиётни, ҳарбий соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш 2023 йилгача давом этади, бироқ учинчи давлатлар орқали санкцияланган технологияларни олиб киришга нисбатан чекловни қатъий қўллаш иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

2022 йил 29,1 фоиз камайган Украина иқтисодиёти 2023 йил турғунлашади. ЖБ ва ЕИ экспертлари фикрича, мамлакат иқтисодиётини тиклаш учун  411 миллиард доллар керак.

Нефть экспорт қилувчи давлатлар – Қозоғистон ва Озарбайжонда қора олтин нархи ошиши эвазига ЯИМ ўсиши кузатилади.

Инфляция ва меҳнат бозори

БМТ экспертлари таъкидлашича, ўтган йил дунё бўйлаб озиқ-овқат ва энергия нархи сезиларли даражада тушиб кетган бўлса-да, кўплаб мамлакатларда инфляция юқорилигича қолмоқда. Маҳаллий таъминот занжиридаги узилиш ва юқори импорт харажати туфайли кўпчилик ривожланаётган мамлакатларда ички озиқ-овқат инфляцияси юқори. Бундан биринчи бўлиб энг камбағал гуруҳлар зарар кўрмоқда.

Ҳисоботда келтирилишича, 2023 йил глобал инфляциянинг ўртача даражаси 5,2 фоизни ташкил этади. 2022 йил бу рақам йигирма йилликдаги энг юқори кўрсаткич – 7,5 фоизга чиққанди.

Таҳлилчилар, шунингдек, АҚШ, Европа ва иқтисодиёти ривожланган бошқа давлатларда меҳнат бозори барқарор қолаётганини таъкидламоқда. Бу мамлакатларда ишсизлик даражаси ҳалиям паст, айрим мамлакатларда, ҳатто, ишчиларга талаб кучайган, иш ҳақи ҳам мунтазам ортмоқда. Бундан ташқари пандемия даврида кенгайган меҳнат бозоридаги гендер тафовути қисқармоқда.

Ишсизлик камайиши истеъмол харажати ошишига олиб келади, инфляцияни юмшатиш вазифасини мураккаблаштиради. АҚШ Федерал захира тизими, Европа ва ривожланган мамлакатлар марказий банклари 2023 йил фоиз ставкасини, ўтган йилга нисбатан секинроқ бўлса-да, оширишда давом этяпти.

Маълумки, глобал молиявий шароит кескинлашиши кўплаб ривожланаётган мамлакатлар учун жиддий хавф саналади. Мутахассислар таъкидлашича, фоиз ставкаси кўтарилиши ва “миқдорий қатъийлаштириш” сиёсати олиб борилиши ривожланаётган мамлакатларнинг қарздорлик заифлигини оширади. Шундан келиб чиқиб, экспертлар ривожланаётган иқтисодиётга юқори ташқи қарз ва секин ўсишнинг аянчли циклини бузиш имконини берадиган фаол халқаро ҳамкорлик зарурлигини қайта-қайта таъкидламоқда.

С.Раҳимов, ЎзА