Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, адвокатлик гувоҳномасини бериш, йўқотилган ва яроқсиз ҳолга келган гувоҳнома ўрнига янгисини бериш давлат хизмати муддатлари ҳамда талаб қилинадиган ҳужжатлар сони қисқаради.
Адвокатлик гувоҳномасини махсус QR-код қўйилган ҳолда бериш тартиби жорий этилади ва бу орқали адвокатнинг мақоми ҳақида маълумот олиш имконияти яратилади.
Адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида Низом 2023 йил 1 июлдан бошлаб амал қила бошлайди.
Гувоҳнома олиш учун талабгор “Юридик ёрдам” электрон ахборот тизими орқали Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларга мурожаат қилади.
Адлия органи томонидан ариза икки иш куни ичида кўриб чиқилади ва талабгорга адвокатлик гувоҳномаси берилади.
Адвокатлик гувоҳномаси талабгор фаолият юритаётган адвокатлик тузилмаси давлат рўйхатидан ўтказилган жой бўйича ўн йил муддатга берилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилади.
Талабгорга адвокатлик гувоҳномаси берилганлиги тўғрисида адлия органи Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига хабарнома юборади.
2024 йил 1 январга қадар қоғоз шаклидаги адвокатлик фаолияти учун лицензиялар тўлов ундирмасдан алмаштириб берилади.
ЎзА