Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси раҳбарияти ва мутахассислари соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумотлар тақдим этди.
Қайд этилишича, Пенсия жамғармасининг ўтган 2022 йил давомида даромадлари прогноз кўрсаткичлари 33,1 триллион сўм ёки 106,7 фоизга бажарилган. Бунинг натижасида, 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига 3 триллион сўм эркин қолдиқ маблағлари сақланишига эришилди. Шунингдек, ўтган 2022 йил давомида 459,1 минг нафар фуқарога пенсия ва нафақалар тайинланган ҳамда 2023 йил 1 январь ҳолатига пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 4 346,3 минг нафарга етди. Пенсия жамғармаси томонидан 2022 йил давомида 1,6 миллион нафар фуқарога интерактив ва масофавий хизматлар кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йилдаги “Ўлимни қайд этиш билан боғлиқ композит давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, фуқаро вафот этгани тиббий муассаса томонидан қайд этилганда дафн маросими учун нафақалар автоматик равишда тайинланиши ва фуқаро Халқ банкининг исталган филиали орқали нафақани олиш имконияти яратилган.
18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақаларни ҳамда парваришлаш нафақасини Ўзбекистонда илк бор фуқаролар мурожаатисиз “проактив шакл”да тайинлаш тизими жорий этилган.
Пенсия жамғармасининг 2023 йил биринчи чоракдаги даромадлари прогноз кўрсаткичлари 9,3 триллион сўм ёки 105,7 фоизга бажарилди. Жамғарманинг 2023 йилни биринчи чорагидаги ҳақиқий харажатлари Жамғарма ҳисобидан 12,4 триллион сўмни ташкил этди. Тўловларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида давлат бюджетидан 1,7 триллион сўм трансфертлар ажратилди. 94,5 минг нафар фуқарога янги пенсия ва нафақалар тайинланди.
Пенсия жамғармаси томонидан 2023 йил биринчи чорагида 421 минг нафар фуқарога интерактив ва проактив хизматлар кўрсатилди. 2023 йил март ойида пенсияларнинг бир ойлик ўртача миқдори 1 070,3 минг сўмни ташкил қилган. Нафақаларнинг бир ойлик ўртача миқдори 652,8 минг сўмни ташкил этиб, 2022 йил март ойига нисбатан 77,3 минг сўмга ёки 13,4 фоизга кўпайган.
2023 йил 1 апрель ҳолатига пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 4 миллион 400 минг нафарга етди. Шундан, 3 миллион 807,4 минг нафари пенсия ва 592,7 минг нафари нафақа олувчиларни ташкил этди.
2023 йил 1 январдан бошлаб фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш фақат биргина паспорт ёки идентификация ID-картаси орқали тайинлаш тизими жорий этилди. “Ҳужжатлар-телефонда” тамойили асосида мобил илова орқали пенсия гувоҳномасини мобил иловага ўтказиш ва уни QR-код орқали ҳам идентификациялаш йўлга қўйилди.
Жорий йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоблаш учун инобатга олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори чегараси пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 бараваридан 12 бараваригача ошириш бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Натижада 370 мингдан ортиқ фуқароларнинг пенсиялари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, СМС-хабарномалар юборилган ҳолда янги миқдорда тўловлар амалга оширилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА