Статистик маълумотларга кўра, 2023 йилнинг биринчи чорагида Дубай меҳмонхоналарида, камида, бир кеча-кундузни ўтказган хорижлик сайёҳлар сони 4,67 миллионни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоиз кўп. Бу ҳақда Дубайнинг Иқтисодиёт ва туризм департаменти ахборот агентлигига маълум қилди.

“2023 йил биринчи чоракда халқаро сайёҳлар сони сезиларли даражада ўсиши Дубайнинг глобал туризм секторида тикланишга олиб келадиган асосий йўналишлардан бири эканидан далолат беради”, – дейилади хабарда.

Яқинда БAA вице-президенти ва Бош вазири, Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум томонидан эълон қилинган иқтисодий кун тартиби шаҳарнинг жаҳон иқтисодиётига қўшган ҳиссасини ошириш бўйича улкан янги мақсадларни белгилади. Туризм саноати нафақат мамлакат иқтисодиётининг муҳим устуни, балки Дубайнинг бозор, маданият ва минтақалар ўртасидаги кўприк сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашда ҳам асосий ўрин тутади.

“Дубай келгуси йилларда инновацияни давом эттиради, саёҳатчилар учун ноёб тажриба яратади ва яшаш, саёҳат қилиш, ишлаш, сармоя киритиш учун дунёдаги энг яхши жойга айланишга интилади”, деди валиаҳд шаҳзода, Дубай ижроия кенгаши раиси Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум.

30 араб саёҳат бозорида эълон қилинган туризм натижалари Дубайни дунёдаги энг тез тикланадиган йўналиш сифатида кўрсатган. 2023 йил биринчи чоракда амирлик пандемиядан олдинги сайёҳлар келиши кўрсаткичининг 98 фоизини таъминлаб, БМТ ва Жаҳон савдо ташкилотининг бу йил Европа ва Яқин Шарққа 80-95 фоиз халқаро туризм келиши ҳақидаги прогнозини яхшилади.

Дубай ишбилармонлик туризми бизнес ва ҳордиқ чиқариш йўналишига сайёҳларни тобора кўпроқ жалб қилмоқда. Биринчи чоракда Дубай савдо, спорт, адабиёт, санъат фестиваллари, “Dubai International Boat Show” жаҳон ҳукумати саммити, шунингдек, 125 мамлакатдан 5000 га яқин иштирокчи келган дунёдаги энг йирик озиқ-овқат ва ичимлик кўргазмаси – “Gulfood” сингари нуфузли тадбирларни ўтказди.

Йил давомида яна кўплаб анжуманлар – “Dubai Summer Surprises” оилавий ёз фестивали, “Dubai Esports and Games Festival”, шунингдек шаҳар аҳолиси учун “Dubai Fitness Challenge” ўтказилиши кўзда тутилган.

ЎзА