Жиззах шаҳрида Бирлашган курашлар олами (UWW) таркибидаги ўзбек белбоғли кураши, қирғиз “Алыш”и ҳамда “Қазақ куреси” бўйича Осиё чемпионати баҳслари кескин, муросасиз ва қизғин курашлар остида якунига етмоқда.
Осиё белбоғли кураш конфедерацияси, Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси, Жиззах вилояти ҳокимлиги ва вилоят прокуратураси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур чемпионатда Ўзбекистон, Япония, Эрон, Ҳиндистон, Индонезия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон каби 12 та давлатдан келган полвонлар ғолиблик учун баҳслашмоқда.
22 -23 май кунлари қирғиз халқининг миллий “Алыш” кураши бўйича, кеча 24 май куни эса ўзбек белбоғли кураши бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Ўзбек миллий белбоғли кураш бўйича эркаклар 8 вазн, аёллар 5 вазн тоифасида гиламга чиқди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, белбоғли кураш барча вазн тоифаларида ўзбекистонлик полвон эркак ва аёлларимизга тенг келадиган рақиб қитъамизда топилмади. Спортчиларимиз энг кучли эканликларини исботлаб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Эркак полвонларимиздан 57 килограммгача бўлган вазн тоифасида Жамолиддин Нематуллаев, 62 килограммда Дониёр Ўралов, 68 килограммда Ойбек Султонов, 75 килограммлик полвонлар ўртасида Нусратбек Султонбоев, 82 килограммликлар баҳсида Ҳусниддин Рўзиев, 90 килограммлик полвонлар баҳсида Жасурбек Исроилов, 100 килограммгача бўлган вазн тоифасида Надирбек Ахатжонов ва мутлақ (100 килограммдан ортиқ) вазн тоифасида Бахтиёржон Жумабоевлар барча рақиблари курагини ерга теккизиб Осиё чемпиони деган шарафли номни қўлга киритди.
Хотин-қизлар баҳсида ҳам ўзбек аёл полвонларига тенг келадиган рақибалар топилмади. 52 килограммгача бўлган оғирлик вазнида Фарангиз Абдунабиева, 58 килограммликлар баҳсида Манзураой Мўйиддинова, 66 килограммгача бўлган хотин-қизлар ўртасида Мафтунабону Маҳмудова, 76 килограмм вазн тоифасида Дилафрўз Мамажонова ҳамда 76 килограммдан ортиқ вазн тоифасида Сахобат Шералиевалар ғолибликни қўлга киритиб, Осиё чемпиони бўлди.
Белбоғли кураш бўйича эркаклар 8, аёллар 5 вазн тоифасида чемпион бўлиб, мусобақанинг олтин медаллари, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Кеча якунланган белбоғли кураш баҳсларида Ўзбекистон полвонларининг ғалабаси шарафига 13 маротаба Давлатимиз мадҳияси янграб, байроғимиз баланд кўтарилди.
Бугун тунда “Қазақ куреси” баҳслари ниҳоясига етиб, муособақанинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтади.
26 май куни Бирлашган курашлар олами (UWW) таркибидаги ўзбек белбоғли кураши, қирғиз “Алыш”и ҳамда “Қазақ куреси” бўйича Жиззах шаҳрида 6 кун давом этган Осиё чемпионати иштирокчилари ўз юртларига кузатиб қўйилади.
А.ҚАЮМОВ , ЎзА