Мамлакатимизда Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб давлат ташрифи билан бўлиб турибди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Президент Ҳалима Яқуб билан учрашуви, ўзаро мулоқоти ҳақидаги фикрлари билан ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўртоқлашди:

“Суҳбатимиз давомида Ўзбекистон ва Сингапур ўзаро муносабатларини ривожлантиришда парламентлараро алоқаларнинг конструктив аҳамиятига тўхталдик. Албатта, парламентларимиз ўртасидаги ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятига янги импульс бериш зарур.

Сингапур ва Ўзбекистоннинг турли йўналишларда, жумладан, савдо-иқтисодий, инновация, фан ва таълим соҳаларида ҳамкорлигини кучайтириш борасида якдил бўлдик.

Ҳалима Яқуб хоним билан таълимнинг деярли барча даражаларида ўзаро амалий мулоқот қилиш борасида фикрлашдик.

Хусусан, давлат хизматчиларининг касбий ва бошқарув салоҳиятини оширишда Сингапурнинг илғор тажрибасини ўрганиш ниҳоятда муҳим.

Мулоқотимиз давомида Ҳалима Яқуб хоним Ўзбекистоннинг бой маънавий меросидан яхши хабардорлигини билдириб, ўзбек халқи маданияти ва санъатига оид кўргазмалар ва арт-лойиҳалар нафақат Европа давлатларида, балки Осиё мамлакатларида, хусусан Сингапурда ҳам намойиш қилиниши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Зеро, Сингапур ва Ўзбекистон халқларининг маънан яқин урф-одатлари, қадриятлари ва оилавий анъаналари баробарида миллатлараро ҳамда конфессиялараро тинчлик тотувликни таъминлашдаги саъй-ҳаракатлари ҳам муштаракдир”.

 

ЎзА