Мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир – шу йилнинг 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Айни пайтда мазкур сайловни муносиб ўтказиш борасида қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси ташаббуси билан муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини ошириш бўйича ўқув-амалий машғулотлари ташкил этилди. Унда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда округ сайлов комиссиялари олдидаги асосий вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўқув-машғулотида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 42 нафар округ комиссияларининг раиси, раис ўринбосари ва котибидан иборат аъзолари иштирок этди. Машғулотлар Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг профессор-ўқитувчиларидан иборат экспертлар гуруҳи томонидан олиб борилди. Ўқув машғулотларидан кўзланган мақсад, сайлов ўтказувчи округ комиссиялари аъзоларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги асосий вазифалари, сайлов жараёнларини умум эътироф этилган халқаро сайлов стандартларига риоя этилган ҳолда, Сайлов кодекси талаблари асосида уюшқоқлик билан ташкил этишдаги кўникмаларини оширишдан иборат. Шундан келиб чиқиб, семинар тренингда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиш ва ўтказишнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари, сайлов календарь режасининг ўзига хос хусусиятлари, сайловчилар рўйхатини шакллантириш ва ушбу рўйхатлар билан ишлашда округ сайлов комиссиялари олдида турган вазифалар каби мавзулар муҳокама этилди. Шунингдек, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, овоз бериш кунига тайёргарлик, округ сайлов комиссиясининг сайлов жараёни иштирокчилари билан ҳамкорлиги, округ сайлов комиссиялар фаолиятини молиялаштириш тартиби, сайлов округи бўйича овоз бериш якунларини аниқлаш кабилар хусусида батафсил маълумотлар берилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов округлари ва участкалари учун биноларни танлаш, овоз бериш хоналарини жиҳозлашга қўйилган талаблар юзасидан ҳам амалий машғулотлар ўтказилди. Машғулотлар якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА