Чоршанба куни Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григорьев Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинган. Элчига Тожикистон фуқароларининг Россияда оммавий ҳибсга олиниши ҳақидаги маълумотлар билан боғлиқ равишда Душанбенинг хавотир билдиргани маълум қилинган. Бу ҳақда “Ховар” агентлиги республика Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига таяниб ёзмоқда.

2023 йил 24 май куни Ташқи ишлар вазирлигида Россия Федерациясининг Тожикистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Семён Григорьев билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда элчига Тожикистон томонининг ташвиши ҳақида маълумот берилди, дейилади хабарда.

Хусусан, Россия Федерацияси ҳудудида Тожикистон Республикаси фуқароларини турли баҳоналар билан оммавий ҳибсга олишлар тўғрисида маълумотлар келиб тушаётгани айтилган.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, “мавжуд ва юзага келаётган миграция муаммоларига биргаликда жавоб бериш зарурлиги, шунингдек, миграция масалалари бўйича мумкин бўлган қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқишда келишилган ҳаракатларни амалга ошириш муҳимлиги» қайд этилган.

Хабарда келтирилишича, 19 май куни «Комсомольск-Амурда» содир бўлган воқеа ҳам муҳокама қилинган. Тожикистон ТИВ маълумотларига кўра, 100 дан ортиқ тожик талабалари Россия қонунчилиги бўйича сўроққа тутилган ва уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлинган.

Республика Ташқи ишлар вазирлиги “бундай воқеалар Тожикистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига тўғри келмаслиги ва томонларнинг таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларига зарар етказиши мумкинлигини” таъкидлаган.

Тожикистоннинг давлатга қарашли “Ховар” ахборот агентлиги ёзишича, чоршанба куни республика омбудсмани Умид Бобозода россиялик ҳамкасби Татьяна Москалковага воқеа ҳолатларини аниқлаш бўйича сўров юборган.