Бирлашган Араб Амирликлари “WAM” ахборот агентлиги жорий йил 18-20 май кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон иккинчи халқаро энергетика форумини ёритиб борди. Шу ҳақдаги бир мақолада “Масдар” Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини ривожлантириш тўғрисида шартнома имзолаганига урғу берилган.
Абу Даби келажак энергияси компанияси (Abu Dabi Future Energy Company) – “Масдар” Ўзбекистон Республикаси Энергетика ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари билан қўшма ривожланиш шартномаси имзолади. Ҳужжатга кўра, компания 2 гигаваттдан ортиқ қувватга эга қуёш ва шамол энергияси лойиҳаларини ишлаб чиқади. Бундан ташқари мамлакатимизнинг турли ҳудудларида 500 МВт/соат қувватли энергия аккумулятор батареялари яратиш лойиҳасини ишлаб чиқади.
Ушбу келишув 2030 йилга бориб мавжуд энергия мажмуасининг 25 фоизини қайта тикланадиган манбалар ҳисобидан таъминлашга интилаётган ҳамкорларнинг тоза энергия соҳасидаги саъй-ҳаракатини фаоллаштиради.
Марказий Осиёда жойлашган Ўзбекистон қуёш ва шамол энергияси ресурслари кўплиги туфайли “Масдар” учун асосий стратегик шерик ҳисобланади. Жорий ўн йиллик охиригача биргаликда 7 гигаватт қуёш энергияси ва 5 гигаватт шамол энергияси ишлаб чиқариш кўзланмоқда.
– Ушбу шартнома “Масдар”нинг тоза энергия ечимини жорий этиш, эмиссияни камайтириш ва иқлим соҳасидаги ютуқларни рағбатлантиришга тўғридан-тўғри ҳисса қўшадиган обрўли компания сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга содиқлигини тасдиқлайди, – деди БАА саноат ва илғор технологиялар вазири, “COP-28” конференцияси президенти, “Масдар” директорлар кенгаши раиси доктор Султон бин Аҳмад Ал-Жобир. – Биз мудом илғор, иқтисодий жиҳатдан фойдали лойиҳалар ишлаб чиқиш йўлида ҳамкорлик уфқини кенгайтиришга интиламиз.
Ўзбекистонда бўлиб ўтган тантанали маросимда шартномани Ўзбекистонлан энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмадхўжаев ва инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Сарвар Ҳамидов, БААдан эса “Масдар” бош директори Муҳаммад Жамил Ар-Рамаҳий имзолади.
– Ушбу келишув “Масдар” ва бизнинг асосий стратегик ҳамкорларимиздан бири – Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида муҳим, янги саҳифа очди, – деди Муҳаммад Жамил Ар-Рамаҳий.
Эслатиб ўтамиз, “Масдар” Ўзбекистонда 2019 йилдан, 100 МВт қувватга эга “Нур Навоий” қуёш электр станциясини ўзлаштириш, энергия сотиб олиш тўғрисидаги шартнома имзолангандан бери фаол ишлайди. Бу муваффақиятли молиялаштирилган илк мустақил қуёш энергетикаси лойиҳаси бўлиб, 2021 йилда ишга туширилди ва тўлиқ фойдаланишга топширилди. “Масдар”нинг Ўзбекистондаги ўсиб бораётган лойиҳалар мажмуасида Марказий Осиёдаги энг йирик қурилма – 500 МВт қувватга эга Зарафшон шамол электр станцияси ҳам бор.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА