Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Ўзбекистон-Германия:  ҳамкорликнинг янги босқичи” мавзуида ташкил этилган  давра суҳбатида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил  2-3 май кунлари Германия Федератив Республикасига  амалга оширган расмий ташрифи якунлари муҳокама қилинди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати вакиллари, Қонунчилик палатасининг Бундестаг билан ҳамкорлик бўйича парламент гуруҳи аъзолари, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти, Германиянинг Ўзбекистондаги  ва Ўзбекистоннинг Германиядаги элчилари,  Фридрих Эберт жамғармаси,  Германия иқтисодиётининг шарқий қўмитаси, Тошкентдаги Гёте институти,  Берлин Тарих музейи, Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъатни ривожлантириш  жамғармаси, Савдо-саноат палатаси, «Видергебурт» немис миллий маданият маркази вакиллари, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари олий даражадаги ташриф чоғида эришилган ва  Ўзбекистон ва Германия муносабатлари ривожига  туртки берган тарихий ҳужжатларни юксак баҳолашди.

Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев ўз нутқида давлатимиз раҳбарининг Германияга ташрифи шубҳасиз, янги тарихда Ўзбекистон ва Германия стратегик  ҳамкорлигини кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг янги босқичи сифатида  муҳирланиб қолади ва у мамлакатимизнинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлигида янги имкониятларни очиб беради, деб таъкидлади.

Саммит якунлари бўйича 16 та ҳужжат қабул  қилинди. Молиявий ҳамкорлик тўрғисидаги битим, 2024-2030 йилларга мўлжалланган Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма битим Декларацияси шулар жумласидан. Хусусан, Декларацияда  ҳар икки мамлакатнинг хавфсизлик, ривожланиш,  инсон ҳуқуқлари ва минтақавий интеграция  масалалари бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлиги  қайд этилади. Унда шунингдек, ҳозирги  кенг кўламли геосиёсий  таҳдидлар шароитида ҳамкорликни фаоллаштириш  алоҳида аҳамиятга эга экани қайд этилади.

Германия Федератив Республикасининг  мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тило Клиннер Берлинда эришилган келишувлар нуқтаи назаридан икки мамлакат ўртасида турли йўналишлардаги  алоқаларнинг истиқболли эканлигини таъкидлади.

Ф.Эберт жамғармаси бошқаруви аъзоси, Германия Федератив Республикасининг   собиқ адлия вазири доктор Герта Дойблер-Гмелин Ўзбекистондаги  ислоҳотлар жараёнида  Германия билан ҳамкорлик тобора  жадаллашиб бораётганидан мамнунлигини билдирди.

Иштирокчилар шунингдек, Германия  Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари орасидаги энг йирик савдо ва инвестициявий ҳамкори  эканлигини таъкидлашди.

Давлатларимиз ўртасида ўрнатилган энг кўп қулайлик  режими сўнгги олти йилда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмининг 2 баравардан кўпроқ –  529,1 миллион АҚШ долларидан 1,16 миллиард долларгача  ошишига хизмат қилди. Бугунги кунда Германия инвестицияларининг юртимиз иқтисодиётидаги  улуши 5,5 миллиард еврони ташкил этади, жумладан 4 миллиард евро ҳажмидаги маблағлар мамлакатимиз иқтисодиётига сўнгги бир неча йил ичида  жалб қилинган.

Тадбирда иштирок этган немис ишбилармон доираси вакиллари мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг  жаҳон иқтисодиётидаги жиддий ўзгаришлар шароитида Ўзбекистон Германия бизнеси учун самарали ва ишончли  майдонча бўлишга шай  эканлиги ҳақидаги  баёнотига эътибор қаратди.

Шу нуқтаи назардан, ташриф доирасида ташкил этилган бизнес-форум якунлари бўйича эришилган келишувлар кўлами алоҳида таъкидланди. Хусусан, саноат кооперациясини ривожлантириш ва технологик шерикликни  кенгайтириш бўйича янги савдо, молиявий ва инвестициявий келишувларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Иштирокчилар Ўзбекистон раҳбариятининг Марказий Осиёда барқарор тараққиёт кафолати бўлган тинчлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муҳитини шакллантиришдаги муҳим ўрнига эътибор қаратишди.

Ўзбекистоннинг Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграциялашуви, ҳамкорлик ва ривожланишга хизмат қилувчи минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш  бўйича фаол ва амалий саъй ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.

Икки томонлама маданий гуманитар ҳамкорликнинг юқори суръатига ижобий баҳо берилди. Ўзбекистонда сўнгги йилларда  Германия маданияти, немис тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бормоқда. Ўз навбатида, саммит доирасида очилган «Ўзбекистоннинг археологик хазиналари. Македониялик Искандардан Кушонлар салтанатигача» номли кўргазмага ташриф буюрувчиларнинг кўплиги Германияда ҳам ўзбек тарихи ва маданиятига қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради.

Иштирокчилар муҳокамалар якунида Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилганлигини ва бу кўп қиррали,  ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришда катта истиқболларини очиб беришини таъкидлашди.

 ЎзА