Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Заковат” интеллектуал ўйинини ёшлар орасида ривожлантириш ва тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида интеллектуал тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ташаббуси билан ташкил этилган ушбу ўйинда жами 17 та жамоа иштирок этди.
Филиалда таҳсил олаётган талаба ёшларнинг ақл ва зеҳнини янада ўткирлаштириш, билим ва салоҳиятини ошириш, уларнинг бўш вақтларини фойдали ташкил этиш, интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириб бориш мақсадида ўтказилган ўйиннинг ҳар бир турида қизиқарли ва мантиқий саволлар берилди. Муросасиз кечган финал баҳсида зукко ва билимдон талабалар бир-биридан қизиқарли саволларга жавоб излаб, ўз топқирлигини ишга солди.
Якунловчи 5-турда қайд этилган натижаларга кўра, Ветеринария медицинаси йўналиши 2-босқич талабаларининг “Қаракен” жамоаси ўз зукколиги ва топқирлиги билан биринчи ўринни қўлга киритиб, ғолиб бўлди. 2-босқич Ветеринария медицинаси йўналишида таҳсил олаётган талабалардан ташкил топган “Апполон” жамоаси иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, шу йўналишнинг 3-босқич талабаларининг “Восток” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиб жамоалар аъзоларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА