Ғафур Ғулом номидаги нашриёт адабиёт мухлислари учун “Қорақалпоқ кенгликларида” деб номланган янги китобни чоп этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматига кўра, Гулистон Матёқубованинг мазкур тўпламдан ўрин олган насрий ва назмий асарлари ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ижодкор қорақалпоқ замини, Устюрт кенгликларини тараннум этган асарларида ўқувчилар эътиборини ана шунга қаратади ва муқаддас туйғулар билан яшашга ундайди.
Маълумотларга кўра, таниқли шоира Гулистон Матёқубова (Аннақиличева) 1948 йилда туғилган. 1973 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган. Ижодкорнинг «Ҳаяжоннинг етти ранги» (1982), «Ойдин остона» (1983), «Севиб қолсин» (1985), “Дарёга ботаётган қуёш” (1998), “Излаганларим” (2002), «Ойбалдоқ» (2001), «Муҳаббат юрти» (2002) китоблари нашр қилинган.
Гулистон опанинг шунингдек, “Қорақалпоғистон” нашриётида «Бахт келтирган баҳор» (1979), «Земля отцов» (1986), «Журек пенен жузбе жуз» (1987), «Нурлы жоллар» (1988), «Прекрасное чувство» (1989), «Айтгин менга Тўрткўл ҳақида» (1993), «Мен сен учун яшаяпман» (1993), «Интизарлық» (1995), «Йўлларингга чиқдим» (1997), «Қайтмоқ учун кетмоқдаман» (2007), «Ватан руҳи» (2011) номли ва бошқа кўплаб китоблари ўзбек, қорақалпоқ, рус тилларида босилиб чиққан.
2002 йилда “Искусство народов Мира” ассоциацияси бошқарувининг қарори билан “Лауреат искусств народов Мира” унвони билан тақдирланган. Унинг шеърлари қорақалпоқ, рус, турк, туркман, немис тилларига таржима қилинган.
Гулистон Матёқубова «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» (1983), «Қорақалпоғистон халқ шоири» (2002) фахрий унвонлари билан мукофотланган.
Н.Усмонова, ЎзА