Тошкентда Марказий Осиё минтақасида ҳуқуқ соҳасидаги муҳим воқеалардан бири ҳисобланган “Тошкент ҳуқуқ баҳори” (“Tashkent Law Spring”) III Халқаро юридик форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан БМТ, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ва бошқа ҳамкорлар иштирокида ташкил этилган тадбирда 20 дан ортиқ давлат вакиллари, шу жумладан, Арманистон, Беларусь, Буюк Британия, Германия, Грузия, Озарбайжон, Россия, Руминия, Саудия Арабистони, Сингапур, Словения, Туркия, Япония каби давлатлардан экспертлар иштирок этди.

“Фундаментал ҳуқуқлар – абадий қадриятлар” мавзусига бағишланган форумда сифатли норма ижодкорлиги орқали қонун устуворлигига қадар, юридик соҳада рақамли технологияларни қўллаш, юридик таълимни ривожлантириш, давлат хизматлари кўрсатишдаги янгича ёндашувлар, суд экспертизасига оид масалалар, низоларни ҳал этишда медиация ва арбитраж институтининг ўрни, коррупцияга қарши сиёсат, интеллектуал мулк сингари долзарб масалалар муҳокама қилинди. Ушбу соҳаларга оид янгиликлар, илғор тажриба ҳақида қизғин фикр алмашилди.

Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Тошқулов ҳар бир шахснинг қадр-қиммати ва тенглигига эришиш муҳимлигини қайд этди. Ўзбекистоннинг ҳозирги сиёсати айнан ушбу мақсадга қаратилган.

Форумда иштирок этган халқаро экспертлар Ўзбекистон Янги Конституцияси ҳуқуқ дунёсида тарихий ҳодиса бўлганига эътибор қаратди. Инсон ҳуқуқлари ва ҳимояси устуворлиги кучайтирилгани  эътирофга лойиқ экани таъкидланди.

Юридик соҳада рақамли технологияларни қўллаш ҳуқуқ тизимида мутлақо янги йўналиш. Бу борада сунъий интеллект ва блокчейн технологиясини жорий этиш устида олиб борилаётган изланишлар соҳада янги саҳифа очмоқда.

Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференциясининг ахборот маркази директори ўринбосари Екатерина Абросимова сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларда фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик масаласига тўхталди.

Одил судлов ислоҳоти бўйича халқаро эксперт Ҳелен Берроуз суд тизимида рақамли трансформацияга тўхталиб, онлайн форматда судловни амалга ошириш, одил судловни амалга оширишда рақамли технологияларни қўллашнинг афзаллиги ва нозик жиҳатлари ҳақида фикр билдирди.

Сифатли норма ижодкорлиги орқали қонун устуворлигига қадар босиб ўтилган йўлни Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов таҳлил қилиб берди.

Норма ижодкорлиги жараёнида Ўзбекистонда қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш, коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тизими йўлга қўйилди. Норма ижодкорлиги жараёнида “ақлли тартибга солиш” модели жорий этилди. Ушбу соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш устида иш олиб борилмоқда.

“Жаҳон адолати” лойиҳаси ижрочи директори – Элизабет Андерсен, Халқаро ривожланиш ҳуқуқи ташкилотининг бош директори – Ян Бигл, Беларусь Республикаси Қонунчилик ва ҳуқуқий тадқиқотлар миллий марказининг директори ўринбосари – Элена Семашко ва бошқа мутахассислар  норма ижодкорлигида ҳуқуқий экспертиза жараёнлари муҳим ўрин тутишини қайд этди.

Суд экспертиза фаолияти – ҳуқуқ соҳасининг муҳим тармоғи бўлиб,  форум иштирокчилари бу соҳадаги янгиликларни батафсил кўриб чиқди.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида “Суд экспертизаси фаолиятидаги долзарб масалалар ва ислоҳотлар” мавзусидаги халқаро давра суҳбати ҳам ташкил этилди.

Суд экспертиза фаолиятида махсус жиҳозлар ва дастурларнинг роли, ўрганилаётган объектларнинг зарбани майдалашнинг совуқ қуролларига тегишлилигини аниқлашнинг услубий ёндашувлари бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.

Давлат хизматлари кўрсатишга оид сессияда Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев “фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади”, тамойили амал қилаётганини қайд этди.

Давлат хизматлари марказларида 280 га яқин хизмат кўрсатилмоқда. Ҳар куни ўртача 40-45 минг фуқаро марказларга ташриф буюриб, хизматлардан фойдаланмоқда. 2017 йилдан бери соҳада 48 миллиондан ортиқ давлат хизмати кўрсатилди.

Форум давомида барча сессиялар қизғин баҳс-мунозаралар асосида ўтди. Халқаро эксперт ва меҳмонлар Ўзбекистон ҳуқуқ тизимидаги сезиларли ютуқларга эришилганини эътироф этди. Форумга ташриф буюрган нуфузли ҳуқуқий идоралар вакиллари билан алоҳида учрашувлар ҳам ташкил этилди ва самарали келишувларга эришилди.

 

Норгул Абдураимова,  

ЎзА