Тошкентда Марказий Осиё минтақасида ҳуқуқ соҳасидаги муҳим воқеалардан бири ҳисобланган “Тошкент ҳуқуқ баҳори” (“Tashkent Law Spring”) III Халқаро юридик форуми бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан БМТ, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ва бошқа ҳамкорлар иштирокида ташкил этилган тадбирда 20 дан ортиқ давлат вакиллари, шу жумладан, Арманистон, Беларус, Буюк Британия, Германия, Грузия, Озарбайжон, Россия, Руминия, Саудия Арабистони, Сингапур, Словения, Туркия, Япония каби давлатлардан экспертлар иштирок этмоқда.
Форумнинг асосий мавзуси – “Фундаментал ҳуқуқлар – абадий қадриятлар”. Форум ҳуқуқ соҳасидаги замонавий илм-фан ютуқларини Ўзбекистонда ва жаҳонда оммалаштиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган.
Форумнинг очилишида Ўзбекистон Адлия вазири Акбар Тошқулов фундаментал ҳуқуқлар ҳар бир шахснинг қадр-қиммати ва тенглигига асосланишини қайд этди. Улардан инсон ҳуқуқларининг асосий қадриятлари – шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар келиб чиқади. Ушбу фундаментал ҳуқуқлар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мустаҳкамланган бўлиб, ҳамма жойда бир хил ҳимоя қилиниши шарт. Ўзбекистоннинг ҳозирги сиёсати ушбу ғоялар асосида жамиятни қайта шакллантиришни кўзда тутади. Бу ғоялар ортга қайтмас даражага чиққанини яқинда референдум орқали қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янгиланган таҳрирдаги Конституциясида кўриш мумкин.
“Tashkent Law Spring” III халқаро, хорижий ва маҳаллий экспертлар томонидан фундаментал ҳуқуқлар призмаси орқали замонавий ҳуқуқий тенденцияларни муҳокама қилиш учун очиқ платформа вазифасини бажаради.
Икки кун давомида 16 та муҳокама сессияси давомида жами 132 маъруза ўқилиши режалаштирилган. Анжуманнинг 600 дан ортиқ иштирокчиси замонамизнинг долзарб ҳуқуқий масалаларини муҳокама қилиши ва илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда уларни мақбул ҳал этиш юзасидан фикр алмашиш имкониятига эга бўлади.
Хусусан, форум доирасида иштирокчилар “Низоларни муқобил ҳал этиш: медиациядан арбитражгача”,“Сифатли норма ижодкорлиги орқали қонун устуворлиги қадар”, “Юридик соҳада рақамли технологиялар”, “Давлат хизматлари: муваффақиятлар, вазифалар ва истиқболлар”, “Коррупцияга қарши сиёсат” каби мавзулар юзасидан фикр алмашади. Шунингдек, форумнинг хорижий иштирокчиларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида холис маълумот олиш имконияти яратилади.
Форум анъанавий тарзда хорижий ҳамкорлар билан халқаро ҳуқуқий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш учун ўзига хос имкониятдир.
Норгул Абдураимова, Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА