Бош прокуратурада БМТ Тараққиёт дастурининг “Осойишта ва инклюзив жамиятлар учун коррупцияга қарши курашиш” (ACPIS) Глобал лойиҳаси миссияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган осойишта ва инклюзив жамиятлар учун коррупцияга қарши курашиш бўйича БМТ Тараққиёт дастури Глобал лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича сиёсатини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар дастури ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон тарихида коррупцияга қарши курашишга оид махсус чора-тадбирлардан иборат бўлган илк ҳужжат ҳисобланади.
Учрашув давомида ўтган давр мобайнида лойиҳа доирасида муайян ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Ижобий натижаларга эришилгани, бунда ушбу лойиҳанинг ҳамда халқаро экспертларнинг берган тавсиялари ва кўмакларининг ўрни беқиёс эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Шу муносабат билан БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ва Глобал лойиҳа маслаҳатчиси Анга Тимилсиналарга алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Тадбир якунида коррупцияга қарши курашиш борасида келгусида ҳам самарали ҳамкорлик ишларини давом эттириш масалалари муҳокама қилиниб, ўзаро фикр ва мулоҳаза алмашилди.
Н.Абдураимова, ЎзА