Бухорода ўтказилаётган Давлат идоралари фаолият очиқлиги бўйича Марказий Осиё давлатлари форумида вилоят ҳокими Ботир Зарипов маъруза килди.
Таъкидланишича, Янги Ўзбекистонда давлат бошқарувига очиқликни жорий этиш, ахборотларнинг умумфойдаланиш учун очиқлик ҳолати, маълумотларнинг ошкоралик ва сифат даражасини халқаро талабларга мувофиқлаштириш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида” ги ва “Жамоатчилик назорати тўғрисида” ги қонунлар барча тоифадаги мансабдорларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатига кенг жамоатчилик ҳамда халқ кўзи билан баҳо бериш имконини яратди.
– Очиқлик, шаффофлик деган тушунчалар, энг аввало, ахборот билан боғлиқ, – деди Б.Зарипов. – Шундай экан, мамлакатимизда бу соҳада жадал трансформация юз бераётганини қайд этиш керак. Соҳадаги сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг узвий ва мантиқий давоми сифатида 2021 йилнинг 16 июнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан амалдаги қонунчилик ҳужжатларида мавҳум бўлган муаммоли масалалар тўлиқ ўз ечимини топди. Сўнгги вақтларда кўп муҳокама бўлаётган давлат харидлари соҳасини олайлик. Мазкур фармон билан 2021 йилнинг 1 июлидан эътиборан ҳар бир давлат органлари ва ташкилотлари Очиқ маълумотлар порталида давлат харидлари бўйича барча маълумотларни жойлаштириб бормоқда. Хусусан, порталда тендер асосидаги харидлардан ташқари, тўғридан тўғри тузилган шартномалар ҳақидаги маълумотлар ҳам ўз аксини топади.
Масалан, бирор давлат органи машина ёки компьютер сотиб олмоқчи. Илгари бундай харидлар тўғрисида тузилган шартнома олди-сотди қилган икки ташкилотдан бошқа ҳеч қаерда қайд этилмас эди. Энди шундай маълумотлар ҳам очиқланади. Яна бир муҳим масала. Барчамиз биламизки, бир қатор давлат идоралари томонидан давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувлардан ўтказилади. Бунга бюджет маблағларининг сарфланиши бўйича молиявий таҳлиллар, солиқ, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа йўналишлардаги текширувларни мисол қилиб келтириш мумкин. Шу пайтгача ўтказилган бундай текширувлар ҳеч қаерда очиқланмас эди. Эндиликда бу ҳақидаги маълумотлар ҳам Очиқ маълумотлар портали орқали жамоатчиликка тақдим этилмоқда.
Умуман, фармон билан очиқ маълумот сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланди. Ҳужжатда очиқ ахборот тури, жойлаштириладиган ресурси, тақдим этиш ва янгилаш муддати ҳамда уларни жойлаштириш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлари аниқ белгилаб берилди. Бу давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятидан кенг жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишда муҳим қадам бўлади. Шу ўринда савол туғилади, давлат органи фаолиятининг очиқлиги нима учун керак? Бу давлат органига нима беради?
Давлат органининг очиқлиги, авваламбор, ҳисобдорлик учун керак. Яъни халқ давлат органига эмас, балки давлат органи халққа хизмат қилиши керак деган тамойилни тўлақонли амалга ошириш учун зарур. Одамлар у ёки бу ташкилот нима иш қилаётганини, унинг фаолияти самарадорлигини билиб туриши керак. Қолаверса, ҳеч қайси идора ўз ходимларини тўлиқ назорат қила олмайди. Бунга ресурс ҳам, вақт ҳам етмайди. Шу сабабли муаммонинг ечими сифатида жамоатчилик назорати ва замонавий ахборот технологиялари қўлланилиши лозим.
Яъни ҳар бир ходим, ўзининг фаолияти тўлиқ жамоатчилик назоратида эканлигини, айтилган ҳар бир гапи, ҳаракати минглаб нигоҳлар кузатувида эканлигини ҳис қилса, у ўз ўзидан ноқонуний ҳаракатлар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Шу ўринда Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан бу борада амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтмоқчиман. Очиқлик соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида Халқ депутатлари вилоят Кенгашида Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия иш олиб бормоқда. Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги томонидан фармон билан тасдиқланган Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтида ўз вақтида жойлаштириб борилмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сонли фармонига мувофиқ, 2021 йилнинг 1 декабридан бошлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши мажбурий этиб белгиланди.
Шундан келиб чиқиб, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиялари “Бухоро” телеканали, шунингдек, вилоят ҳокимлигининг ижтимоий тармоқлардаги ресурслари орқали тўғридан-тўғри эфирга узатиш амалиёти тизимли йўлга қўйилди. Мазкур сессияларнинг жонли трансляция қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлик даражасини оширишга ва муҳокама қилинаётган масалаларнинг мазмуни билан бевосита танишишга хизмат қилмоқда. Аммо тан олиб айтишимиз керакки, очиқликни таъминлаш борасида қилиниши лозим бўлган ишларимиз ҳали талайгина. Албатта, бу йўналишдаги ишларни амалга ошириш учун барча имкониятлар етарли. Мазкур форум ҳам жамият ва давлат ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган масала – давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасидаги тажрибаларни ўрганиш, мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда барча учун бирдек муҳим бўлган қарорларни қабул қилиш учун фойдали майдон вазифасини ўтайди, деган умиддаман.
Форум ўз ишини давом эттирмокда
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА