Мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир — жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнлари қизғин кетмоқда.

Маълумки, шу йилнинг 15 май куни Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясига муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши учун расман ижозат берилди.

Қонунчилигимизга кўра, сайловда иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон Республикаси жами сайловчиларининг умумий сони камида бир фоизининг имзосини тўплаши керак. Бу Президент сайлови кампаниясидаги муҳим жараёнлардан бири ҳисобланади.

Хўш, имзо тўплаш жараёнларининг қандай тартиб-қоидалари мавжуд? Имзо тўплашни амалга ошираётганда нималарга эътибор бериш лозим?

Бу борада миллий қонунчилигимизда, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 38-моддасида имзо тўплаш жараёнлари тартиби белгилаб қўйилган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сиёсий партия ўзининг ваколатли вакили рўйхатга олинганлик гувоҳномасини олганидан кейингина сайловчиларнинг имзосини тўплашга ҳақли.

Бу санага қадар тўпланган имзолар ҳисобга олинмайди. Сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкин. Бунда сайловчи ўз фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини (ёши ўн саккизда бўлса, қўшимча равишда туғилган куни ва ойини), яшаш жойи манзилини, паспортининг ёки идентификация ID-картасининг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек, имзо қўйилган санани кўрсатади. Мазкур маълумотлар қўлда ёзиб киритилади. Имзо варақаси тегишли сиёсий партиянинг туман, шаҳар тузилмаси раҳбари томонидан муҳр босиб тасдиқланади.

Таъкидлаш жоизки, сайловчиларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек, ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилиши мумкин. Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбурлаш ва ўзига оғдириб олиш тақиқланади. Акс ҳолда бундай ҳаракатлар қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Айни кунларда сайловда иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партиялар республикамизнинг барча ҳудудларида имзо тўплаш жараёнларини амалга оширмоқда. Бунда партияларнинг барча ҳудудий бўлимлари вакиллари, депутатлар, қуйи бўғинлар аъзолари, партия фаоллари иштирок этяпти.

Имзо тўплаш тамомланганидан сўнг сиёсий партиянинг ваколатли вакили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида-алоҳида қилиб тикилган имзо варақаларини Марказий сайлов комиссиясига топширади. Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан беш кунлик муддатда текширилади. Сайловчилар имзолари зарур сонининг камида ўн беш фоизи ва имзо варақаларига имзоларини қўйган сайловчилар тўғрисидаги тегишли маълумотлар текширилиши лозим.

Қайд этиш жоизки, Марказий сайлов комиссиясининг Календарь режасига кўра, имзо варақалари жорий йилнинг 3 июнигача топширилиши лозим.


Муҳтарама Комилова, ЎзА