Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Халқаро Ёзувчилар гильдияси вакиллари ва ўзбек ёзувчилари учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Халқаро ёзувчилар гильдияси раҳбари, германиялик Лада Баумгартен, Исроилдан Валентина Бендерская, Бельгиядан Елена Яхненко, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, юртимизнинг адиб ва шоирлари, адабиётшунослари қатнашди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ва Халқаро ёзувчилар гильдияси фаолияти ҳақида видеоролик намойиш этилди. – Халқаро Ёзувчилар гильдияси 2010 йилда ташкил этилган, – деди Галина Долгая. – Гильдия ёши, яшаш жойи, миллати ва динидан қатъи назар, барча ижодкорларни бирлаштирган ижодий жамоат ташкилотидир.
Ташкилот идораси Германияда жойлашган. Унга ёзувчи Лада Баумгартен раҳбарлик қилади.
Тадбирда “Замонавий ўзбек шеърияти шарҳи”, “Замонавий босқичда Ўзбекистонда болалар адабиётининг ривожланиши” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ва Халқаро ёзувчилар гильдияси нашрларининг китоблар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Н.Усмонова, ЎзА