Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлигида “Евроосиё” халқаро театр санъати фестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Фестиваль  Президентимизнинг 2022 йил 2 февралдаги  “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 апрелдаги “Евроосиё” халқаро театр санъати фестивалини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ўтказилмоқда.

Фестивалдан кўзланган мақсад театр санъати соҳасида ҳалқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан маданий-гуманитар алоқаларини, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, ягона маданият платформасини шакллантиришдан иборат.

Шу билан бирга театр санъати соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириб, маданий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтириш, театр санъати намояндаларини бирлаштириш каби эзгу мақсадларни амалга ошириш ҳам мақсад қилинган.

Фестиваль доирасида Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Россия, Беларусь, Туркия, Грузия, Озарбайжондан театр жамоалари ҳамда юртимиз  театр жамоаларининг спектакллари намойиш этилади. Шунингдек, соҳанинг етакчи мутахассисларидан иборат халқаро экспертлар гуруҳи ташкил этилган.

22 май куни Ўзбек Миллий академик драма театрида фестиваль очилиши олдидан “Адолат фасли” спектакли намойиши бўлиб ўтади. 23 май куни Г.Мусрепов номидаги Қозоғистон давлат болалар ва ўсмирлар театрининг “Карагоз” спектакли ва Туркия Эски шаҳар мустақил театрининг “Қайтиш” спектакллари тақдим этилади.

24 май куни Озарбайжон давлат ёш томошабинлар театрининг “Война” ва Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрининг “Қорқит” спектакллари кўрсатилади. 25 май куни В.Маяковский номидаги Тожикистон давлат рус драма театрининг “Исповедь Омара Хайяма” ва Ўзбекистон давлат драма театрининг “Ромео ва Жульетта” спектакллари намойиш этилади.

26 май куни Б.Кидикеева номидаги Қирғиз давлат ёшлар театрининг “Умут” ва Минск шаҳар янги драма театрининг “Варшавская мелодия” спектакллари қўйилади. 27 май куни Нодар Думбадзе номидаги Тбилиси ёш томошабинлар театрининг “Ночь и попугай” ва Санкт-Петербург Васильев оролчаси давлат драма театрининг “Варшавская мелодия” спектакллари бўлиб ўтади.

Намойиш этилган спектакллар турли йўналишлар бўйича кўриб чиқилади. Экспертлар гуруҳи хулосасига кўра, фестиваль иштирокчилари диплом (сертификат), статуэтка ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

28 май куни Ашишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида давра суҳбати, “Туркистон” санъат саройида фестивалнинг ёпилиш ва иштирокчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

 

Н.Усмонова,  

ЎзА