17 май – Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева таваллуд топган кун.
Шоиранинг сатрларида олов, изтироб, исён бор. Унинг шеърлари адабиёт мухлисларига жуда қадрдон.
Ҳалима Худойбердиева 1947 йил 17 май куни Боёвут туманида таваллуд топган. Устоз шоира Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети)нинг журналистика факультетини тугатган.
“Саодат” журналида адабий ходим, бўлим мудири (1972-75), бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир (1982-94), Ёшлар нашриётида бўлим мудири (1978-82), Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси (1990-94), “Ёзувчи” нашриётида етакчи муҳаррир (1996-98), “Санам” журналида бош муҳаррир ўринбосари (1998-2003), 2004 йилдан “XXI аср” газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлаган.
Маълумотларга кўра, шоиранинг илк шеърлари ўқувчилик йилларида Янгиер туман газетасида босилган (1964). Шундан кейин унинг “Илк муҳаббат” (1968), “Оқ олмалар” (1973), “Чаман” (1974), “Суянч тоғларим” (1976), “Бобо қуёш” (1977), “Иссиқ қор” (1979), “Садоқат” (1983), “Муқаддас аёл” (1987), “Бу кунларга етганлар бор”, “Ҳурлик ўти” (1993), “Тўмариснинг айтгани” (1996) “Йўлдадирман” (2005) ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган.
Адабиётшуносларнинг фикрича, Ҳалима Худойбердиева ўзбек шеъриятига самимий туйғу ва фазилатлар – муҳаббат ва садоқат, меҳр ва мурувватни тараннум этувчи шоира, ўзбек хотин-қизлари орзу ва армонларининг куйчиси сифатида кириб келди. Ҳалима Худойбердиева ўзбек аёлларининг ўй-хаёлларини, кечинмаларини ёрқин тасвирлаши билан бирга китобхонларда аёлларга нисбатан эҳтиром туйғуларини янада кучайтиришга интилган эди.
Ҳалима Худойбердиеванинг шеърлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган. Тўфон Миннуллиннинг “Алла” пьесаси Ҳалима Худойбердиеванинг авторлаштирилган таржимасида ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида қўйилганди.
Устоз шоиранинг меҳнатлари юксак қадрланиб, 2017 йилда давлатимиз раҳбари фармони асосида “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган. Кейинги йилларда мамлакатимизда миллий адабиётимиз фидойиларига бўлган ғамхўрликнинг ёрқин намунаси сифатида устоз Ҳалима Худойбердиева ижодини ўрганишга бўлган эътибор кучайди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Сирдарё вилоятида Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ташкил этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Ҳалима Худойбердиева ижодига бағишланган маърифий анжуманлар, адабий тадбирлар, шеърият кечалари, ижод ва адабиёт байрамлари, танлов ва викториналар мунтазам тарзда ўтказилмоқда. Бу тадбирлар китобхонликни янада ривожлантириш, миллий адабиётимизни тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири