Аввал хабар берганимиздек, бугун Самарқандда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши ўз ишини бошлади.
Анжуман доирасидаги тадбирларни кенг ёритиш мақсадида Боқий шаҳар мажмуаси ҳудудида матбуот маркази ташкил этилган. Марказда айни пайт иш қизғин.
Бу ерда хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари қизғин иш билан банд. Журналистларга барча зарур шароит яратилган. Хусусан, марказ замонавий компьютерлар, юқори тезликка эга интернет тармоғи билан таъминланган.
Тадбир доирасида мамлакатимиз молиявий тузилмалари ҳамда бошқа соҳаларда фаолият кўрсатаётган ташкилотлар, қатор хорижий компаниялар Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан манфаатли битимлар имзолашмоқда.
Хусусан, дастлабки кун “Ўзсаноатқурилишбанк” ва ЕТТБ масъул вакиллари имзолаган шартнома, ЕТТБ ҳамда “Mastercard” инклюзив ўсиш Маркази ўртасида кучга кирган меморандум, ЕТТБ ва “ACWA Power” компанияси раҳбарлари тасдиқлаган шартнома юртимиз иқтисодиётини янада жадал тараққий эттиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Икром Аввалбоев, ЎзА