Самарқандда 16-18 май кунлари Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 32 -йиллик йиғилиши ўтказилмоқда.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки ташкил этилганига эндигина 32 йил тўлган бўлсада, дунёда ўз ўрнига эга халқаро молия институти ҳисобланади. Европа ва Осиёсининг кўплаб мамлакатларини қамраб олган. Банк ушбу мамлакатларга бозор иқтисодиётига ўтиш, уларнинг жаҳон хўжалик ҳамжамиятига интеграциялашувига кўмаклашиш, таркибий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга ёрдам бериб келади.

Маълумотларга кўра, мазкур молия институти ташкил этилганидан буён умумий қиймати 180 миллиард евродан ортиқ бўлган 6500 дан кўпроқ лойиҳаларни амалга оширган. 1992 йилда ЕТТБ га аъзо бўлган Ўзбекистон банкнинг умумий қиймати 44,1 миллион еврога тенг 4200 дона акциясига эгалик қилади. Тошкент шаҳрида банкнинг ваколатхонаси, Андижон ва Урганч шаҳарларида офислари очилган.

Банк Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаганидан буён иқтисодиётнинг турли тармоқларида 3,4 миллиард евродан ортиқ 100 та лойиҳа ва дастурларни молиялаштиришни маъқуллаган. Бу лойиҳалар, асосан, кичик бизнес, молия сектори, транспорт инфратузилмаси ва энергетика тизимини ривожлантиришга қаратилган. Шунингдек, банк томонидан ажратилган маблағларнинг қатта қисми тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобланади. Эътиборлиси, Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида ЕТТБ энг кўп сармоя киритадиган давлат ҳисобланади.

ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг навбатдаги йиллик йиғилиши мамлакатимизда ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро инвестиция майдонидаги обрўсини оширишга ижобий таъсир кўрсатиши, шунингдек, ишбилармон доиралар вакилларига юртимизнинг иқтисодий, сармоявий ва саноат соҳаларининг салоҳияти ва бой маданияти билан яқиндан танишиш имконини беради.

Тадбирда дунёнинг 73 давлатдан 2000 дан ортиқ меҳмонлар, жумладан, хорижий ҳукуматлар вакиллари, трансмиллий корпорациялар, халқаро молия институтлари ва банклари раҳбарлари, иқтисодиёт, инвестициялар, молия ва технологиялар соҳасидаги экспертлар, шунингдек, етакчи хорижий ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.

Иқтисодиёт барқарорлигига инвестициялар киритиш масалалари тадбирнинг асосий мавзуси бўлади. Йиғилиш давомида Банкка аъзо мамлакатлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мавзуларига бағишланган панел мунозаралари ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Бугун Самарқанддаги “Халқаро туризм маркази”да мазкур тадбирлар бошланди. Хорижий ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари, эксперт-мутахассислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқа турли даражадаги меҳмонлар учун барча шарт-шароит яратилган мажмуа ҳудудида бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишларда тадбирлар ташкил қилинган.

Анжуман дастурига кўра, дастлаб донорларнинг “Барқарорликни ошириш учун донорлар билан ҳамкорлик” мавзусидаги йиллик йиғилиши ўтказилди. Унда ЕТТБ фаолияти йўлга қўйилган барча мамлакатларда аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ва банк ваколатини бажаришга йўналтирилган ишларнинг бориши муҳокама қилинди. Иштирокчилар 2022 йилдаги ҳамкорлик натижасини кўриб чиқдилар, минтақаларга таъсир кўрсатаётган мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича биргаликда кўрилаётган чоралар таҳлил қилинди.

Фуқаролик жамияти дастури бўйича ЕТТБнинг 2023-2028 йилларга мўлжалланган Фуқаролик жамиятини жалб қилиш бўйича стратегик ёндашув дастури муҳокама қилинди. Йиғилишда “Низоларни ҳал қилиш орқали барқарорлик ва ҳуқуқий ҳимояга эришиш” мавзуси халқаро экспертлар иштирокида кўриб чиқилди.

Маълумки, ЕТТБ Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда чиқиндиларни бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида бир қатор чора-тадбирларни молиялаштириб келади. Мамлакатимизда кейинги йилларда айнан давлат-хусусий шериклик тизими кенг оммалашаётган бир пайтда, бу мавзу долзарб аҳамият касб этади.

Масалан, ЕТТБ лойиҳалар бўйича мустақил ҳисобдорлик механизми (IPAM) асосида фаолият кўрсатувчи муаммони ҳал қилиш бўлими чиқиндини бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида мажбурий равишда кўчирилган Сербиядаги Роми этник гуруҳидаги 17 та оила учун уй-жой ва даромад олишнинг муқобил йўлларини топиш учун манфаатли томонлар орасида мулоқот ўтказишга ёрдам берди. Ушбу сессияда иштирокчилар дуч келинган муаммолар, етказилган зарарни қоплаш бўйича мунозарага киришди.

Мазкур масала муҳокамасида ҳам банк дастур ва лойиҳалари иштирокчилари, халқаро экспертлар фаол иштирок этди.

Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик анжумани кун тартибидан ўрин олган савдога кўмаклашиш дастури тадбирлари ҳам юқори савияда ўтди. Мазкур анжуман савдони молиялаштириш бўйича мутахассислар, саноат соҳасидаги етакчи экспертларга Жаҳон савдо ташкилоти ва Халқаро савдо палатаси вакиллари билан жорий бозор муаммоларини миллий ва халқаро даражада кўриб чиқиш ҳамда муҳокама қилиш учун ноёб имконият тақдим этди.

Ушбу дастур доирасида, жумладан, минтақамиз билан боғлиқ Марказий Осиё ва Кавказда савдони молиялаштиришни ривожлантиришга қаратилган “яшил” савдо тизимини ривожлантириш мавзуси муҳокамаси кўпчиликнинг диққат марказида бўлди.

Мунозараларда ЕТТБ Президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги етакчи мутахассислар, жумладан, биринчи вице-президент Юрген Ригтеринк, ЕТТБ Савдога кўмаклашиш дастури раҳбари Рудолф Путз, Молия институтлари бошқарувчи директори Фрэнсис Малиж, шунингдек қатор мамлакатлар делегациялари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон номидан қатнашаётган спикерлар – “Асакабанк” АЖ раиси ўринбосари Бобохон Абдуллаев ва “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг бошқарма бошлиғи ўринбосари Исмоил Нажмиддинов тақдимотлари, фикр-мулоҳазалари алоҳида аҳамият касб этади.

Муҳокамалардан сўнг ЕТТБ Савдога кўмаклашиш дастури доирасида 2022 йил давомида эришган ютуқлари учун энг фаол шерик банкларга мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирлар давом этмоқда.  

Ғайрат Хонназаров, Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбирлари