Боку шаҳрида Озарбайжон умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиевнинг 100 йиллик юбилейига бағишланган Озарбайжон Республикаси парламенти – Миллий межлиснинг махсус мажлиси ўтказилди.

Унда 26 давлатнинг парламенти раҳбарлари ва аъзолари, халқаро парламент ташкилоти вакиллари иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.

Делегациялар Фахр хиёбонида Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев қабрига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Тадбир давомида Ҳайдар Алиев шахси ва меросига бағишланган фотокўргазма билан танишилди.

Махсус мажлисда сўзга чиққанлар Ҳайдар Алиев ХХ асрнинг атоқли давлат арбоби, мустақил Озарбайжоннинг асосчиси сифатида тарихдан жой олгани, унинг кўп қиррали фаолияти мамлакатнинг халқаро миқёсдаги нуфузини оширишга хизмат қилганига тўхталди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева ўз сўзида Озарбайжоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши, миллат бирдамлиги шаклланиши ва миллий тафаккур тубдан ўзгариши Ҳайдар Алиев номи билан боғлиқ экани, бу инсон раҳбарлик қилган даврда Озарбайжон тараққий этган мустақил давлат сифатида халқаро майдонда эътибор қозонганини таъкидлаб ўтди.

– Ўзбекистонда Ҳайдар Алиев хотираси юксак даражада қадрланади, – деди Т.Норбоева. –Ўзбек халқи бу тарихий шахс, йирик сиёсатчининг Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги қардошлик ришталарини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини доимо ёдда тутади. Унинг хотираси юртимизда абадийлаштирилган. Бугун Тошкентнинг марказий кўчаларидан бирига Ҳайдар Алиев номи берилган, унинг ёрқин хотирасига ёдгорлик барельефи ўрнатилган. Бу ўзбек халқининг озарбайжон халқи миллий етакчисига бўлган юксак ҳурмати ифодасидир.

Н.Абдураимова, ЎзА