Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги делегациянинг АҚШ га сафари икки томонлама учрашув ва амалий мулоқотларга бой бўлди.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, вакилларимиз белгиланган дастур доирасида USP Америка Қўшма Штатлари Фармакопея конвенциясига ташриф буюрди. Муассаса дори воситалари ва фармацевтика маҳсулотлари учун АҚШ ҳукумати стандартларини белгиловчи нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади.

Ушбу Фармакопея стандартлари жаҳоннинг 140 дан ортиқ давлатларида амал қилади. Белгиланган мазкур меъёрларга океан орти мамлакатида риоя этилиши Озиқ-овқат ва дори воситалари сифати назорати бошқармаси (FDA), АҚШ томонидан назорат қилинади.

Айтиш жоизки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан “Фармакопея дискуссия гуруҳи” (“Pharmacopeial Discussion Group” ‒ PDG) ташкил этилган бўлиб, АҚШ, Европа ва Япония фармакопеяларини, шунингдек кузатувчи сифатида қўшилган Ҳиндистон фармакопеяларини ўзаро уйғунлаштириш вазифаси билан шуғулланиб келмоқда. Ўз навбатида, Давлат фармакопеясини ишлаб чиқишда Америка Қўшма Штатлари фармакопеясидан фойдаланиш, уни кўп жиҳатдан дунёда етакчи бўлган Европа ва Япония фармакопеялари билан ҳам уйғунлаштирилишини таъминлайди.

Маълумот учун, фармакопея бу алоҳида мамлакатда ёки маълум бир ҳудудида ишлатиладиган дори воситалари сифатини таъминлаш учун қонунан риоя этилиши шарт бўлган стандартлар тўпламидир.

Замонавий фармакопеяларинг асосий вазифаси эса, дори воситалари сифатига умумий талабларни, шунингдек фаол фармацевтика субстанциялари, тайёр дори воситалари, ёрдамчи моддалар, реактивлар, реагентлар ва шу кабиларга қўйиладиган алоҳида сифат стандартларини белгилашдан иборатдир.

Учрашувда ушбу йўналиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини АҚШ Фармакопеясига уйғунлаштириш ва татбиқ этиш бўйича муҳим келишувга эришилди.

Мамлакатимиз тиббиёт тарихидаги бу муҳим келишув келгусида юртимизда дори воситалари сифат назоратининг халқаро талаблар даражасида бўлишини таъминлайди. Шунингдек, юртимизда ишлаб чиқариладиган маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг сифат бўйича дунё бозорида рақобатбардошлиги ҳамда экспорт ҳажмининг ошишига олиб келади.


М.Қосимова, ЎзА