Венгрия Франция билан Европанинг ўзаро манфаатларни ҳимоя қилиш имконини берадиган стратегик автономияга муҳтожлиги тўғрисидаги фикрни маъқуллади. Бу ҳақда Венгрия Президенти Каталин Новак маълум қилди. «rambler.ru» хабар беришича, у сешанба куни Рейкявикда бўлиб ўтган Европа Кенгаши саммитида француз ҳамкасби Эммануэль Макрон билан учрашган.
Новак учрашувдан олдин Франция раҳбари билан маслаҳатлашув ўтказганини таъкидлади. У ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай ёзди: Европага ўз манфаати йўлида қарор қабул қилиш учун стратегик автономия керак. Украинада имкон қадар тезроқ тинчлик ўрнатилиши лозим. Биз бир-биримизга ишонамиз.
Венгрия етакчиси Украинага тинчлик зарурлигини нафақат ЕК саммитида, балки бошқа халқаро форумларда, жумладан, пайшанба куни Нью-Йоркда, БМТ минбаридан туриб ҳам гапирмоқчи эканлигини қўшимча қилди.
Макрон яқинда ЕИ учун стратегик автономия зарурлиги, хусусан, сиёсий мустақиллик, иқтисодий рақобатбардошлик ва АҚШга ишонмасдан ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли мудофаа салоҳиятини шакллантириш муҳимлиги ҳақида бир неча бор таъкидлаган.
Нигина Сафарматова