Самарқанд шаҳридаги Халқаро туризм марказининг “Ballroom” залида айни пайт Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик анжумани дастуридан ўрин олган Савдога кўмаклашиш дастури тадбирлари бўлиб ўтяпти.

Мазкур анжуман савдони молиялаштириш бўйича мутахассислар, саноат соҳасидаги етакчи экспертларга Жаҳон савдо ташкилоти ва Халқаро савдо палатаси вакиллари билан жорий бозор муаммоларини миллий ва халқаро даражада кўриб чиқиш ҳамда муҳокама қилиш учун ноёб имконият тақдим этди.

Ушбу дастур доирасида, жумладан, минтақамиз билан боғлиқ Марказий Осиё ва Кавказда савдони молиялаштиришни ривожлантиришга қаратилган “яшил” савдо тизимини ривожлантириш мавзуси муҳокамаси кўпчиликнинг диққат марказида.

Мунозараларда шахсан ЕТТБ Президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги етакчи мутахассислар, жумладан, биринчи вице-президент Юрген Ригтеринк, ЕТТБ Савдога кўмаклашиш дастури раҳбари Рудолф Путз, Молия институтлари бошқарувчи директори Фрэнсис Малиж, шунингдек қатор мамлакатлар делегациялари раҳбарлари иштирок этаётгани танланган мавзу нақадар жолзарб эканидан далолат.

Айниқса, Ўзбекистон номидан қатнашаётган спикерлар – “Асакабанк” АЖ раиси ўринбосари Бобохон Абдуллаев ва “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Молия институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Исмоил Нажмиддинов тақдимотлари, фикр-мулоҳазалари алоҳида аҳамият касб этади.

Муҳокамалардан сўнг ЕТТБ Савдога кўмаклашиш дастури доирасида 2022 йил давомида эришган ютуқлари учун энг фаол шерик банкларга мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтади.

Ғайрат Хонназаров, Аъло Абдуллаев, ЎзА