Ўзбек киносининг бугунги ҳолати қандай? Экрандаги қаҳрамонлар кимлар? Яратилаётган картиналар томошабин талабига жавоб берадими? Киношуносларнинг кескин танқиди ёки теран таҳлилигачи?! Аслида кинотанқидчилар савияли, тош босадиган фильмни муҳокама этишга киришадилар. Демак, сифатли картиналар тобора камайиб кетиши оқибатида киношунослик ҳам барҳам топмоқдами?
Биз ушбу саволлар билан таниқли санъатшунос журналист, ўзининг холис, ҳаққоний фикрлари билан жамоатчилик эътиборини қозонган, қалами ўткир, сўзи кескир ижодкор, бир қатор мукофотлар соҳибаси Гулчеҳра Умаровага юзландик.
– Бугун ўзбек киносида силжиш бор, деб бемалол айтиш мумкин, – дейди Г.Умарова. – Кейинги йилларда суратга олинган “Эврилиш”,“ Фариданинг икки минг қўшиғи”, “Касаллик тарихи”, “Аёл қисмати”,“ Рангсиз тушлар”, “Илҳақ” фильмлари кўпчилик томонидан эътироф этилди. Улар бугун ўзбек киносида янгилик сари, бадиийлик сари интилиш жараёни кетаётганини кўрсатади. Мазкур фильмларнинг муаллифлари – фаол ижодкорлар. Айниқса, «101 рейс” ва “Эврилиш” фильмлари жуда кўп жиҳатлари билан бугунги кун жаҳон киносида кечаётган жараёнларга, замон талабларига бемалол жавоб беради, дейиш мумкин.
Лекин тарихимиз ва яқин ўтмишимиз ҳақида, бугунги кунлар ҳақида фильмлар деярли йўқлиги одамни кўпроқ ташвишлантиради. Шунингдек, турли касбдаги юртдошларимиз ҳақида ҳам ҳаққоний фильмлар албатта керак. Масалан, ўқитувчилар, журналистлар, врачлар, инженерлар ва бошқа турли долзарб касб соҳиблари тўғрисидаги мавзулар, турли касб эгаларининг машаққатли ва фидокорона меҳнати, уларнинг заҳматли интилишларидан сўзловчи кинофильмлар ўз ижодкорини ҳамон кутмоқда.
Бизга экранда актёрлар масаласида янги қиёфалар зарур. Тўғри, истеъдодли актёрлар кўп, фақат улардан фойдаланиш керак. Ахир юртимизда бир эмас, қирқта театр жамоаси фаолият кўрсатмоқда. Уларда истеъдодли актёрлар жуда кўп. Уларнинг салоҳиятидан тўғри фойдаланиш, киноларга таклиф этиш фурсати наҳот етмаган бўлса? Қачонгача четдан ўзбек фильмлари учун актёр таклиф этиш давом этади? Яхши фильмларни томошабинга тақдим этадиган ёш режиссёрлар кўпайиши лозим. Жуда кўп яхши асарлар бор. Уларни ҳам экранлаштириш мумкин. Шу билан бирга тарихий, халқ яхши билган шахслар ҳақида ҳам фильмлар керак. Тарихий фильмларни яратишда алоҳида режа асосида, пухта ёндашиб картиналар яратиш мақсадга мувофиқ, деб биламан. Фақат қиёфанинг ўзигина муайян тарихий шахсга ўхшашлигига интилиш шарт эмас. Шахснинг кимлигини, ички дунёсини, ботиний жиҳатларини кўрсатиб бера олиш киночилар учун муҳим бўлиши керак, деб ўйлайман. Ўсмирлар, мактаб ёшидаги болалар ҳақидаги яхши фильмларга эҳтиёж бор. Болалар, мактаб ҳаёти гавдалантирилган фильмлар умуман йўқ. Ахир болалик, умуман мактаб даври инсон умрининг энг ёдда қоларли, беғубор, ёрқин даврику.
Рости биз томошабинни олди-қочди фильмларга ўргатиб қўйдик. Фильмларда ўта саёз, ўзлаштирилган сюжетлар жуда кўп. Масалан, бадавлат қизга камбағал йигит ошиқ бўлиб қолади. Ёки аксинча бойвачча йигит оддий қизни севиб қолади. Фильмларда куракда турмайдиган муносабатлар, “юрди-юрди”лар, маиший майда ёки персонажларнинг ахлоқсизлиги бош мавзуга олиб чиқилгани томошабинга нима беради ўзи? Бу нима, маънавий бузуқликка даъватми? Фильмлар, сериаллардаги воқеалар нуқул данғиллама, ҳашаматли уй-жойларда кечади. Бу эса томошабиннинг ғашига тегмай қолмайди, албатта. Ахир миллионлаб одамлар оддий уйларда истиқомат этадилар ва назаримда бунинг ҳеч қандай айбли томони йўқ.
Киночиларимиз нуқул данғиллама участкаларни фильмларда кўрсатиб, умр мазмуни фақат бойлик тўплаш, унга ружу қўйишдан иборат эканини томошабиннинг онгига сингдириб қўймаяптимикан?! Фильмларда нотабиий кўринишлар жуда кўп. Қаҳрамонлар кўчада ҳам, ҳатто уйларида ҳам худди тўйга боргандек башанг кийимларда юриши ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди.
Телеканаллар орқали намойиш этилаётган саёз, сийқа сериалларкимлар учун, қайси аудитория учун мўлжалланган? Бу саволлар ҳамон очиқ қолмоқда. Аслида сериаллар ҳам алоҳида оғриқли мавзу. Уларни таҳлил этадиган, умуман янги фильмларни атрофлича таҳлил этиб берувчи, оқни қорадан тўғри ажрата оладиган киношуносларимиз нега жим?
Кинокартиналар савияси қанча юқори бўлмасин, баъзан уларни томошабинлар дарров ўзлаштириши, қабул қилиши қийин. Шундай картиналар намойиши олдидан алоҳида кўрсатув ташкил этиб, киношунослар мазкур кино асарнинг моҳиятини очиб беришлари керак, деб ўйлайман.
Агар кинодаги барча муаммоларни кўриб чиқсак, улар асосан кадрлар масаласи билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Яхши режиссёрлар бор, лекин улар жуда кам. Энг маҳоратли киночилар ҳам бугун Шуҳрат Аббосовдек ижод қила олмаяпти. Бугун ким истаса актёр, ким истаса режиссёр бўлиб, истаганича фильмларни суратга олаётгани жуда афсусланарли ҳолатдир. Менимча, санъат йўналишидаги олий таълим даргоҳларига супер контракт асосида талаба қабул қилиш масаласини ҳам ўйлаб кўриш керак. Негаки, истеъдодни ҳеч қандай пул билан сотиб олиб бўлмайди. У Яратган томонидан ато этиладиган неъматдир.
PS: Дарҳақиқат, кино санъатимизнинг бугунги ҳолати долзарб мавзу. Уни биргина суҳбат орқали очиб бериш мушкул. Биз бу мавзуга яна қайтамиз.
ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.