Марказий Осиё Халқаро институтида Ҳайдар Алиевнинг 100 йиллигига бағишланган “Ҳайдар Алиевнинг Ўзбекистон – Озарбайжон ҳамкорлигини ривожлантиришдаги роли” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

МОХИ директори Владимир Норов тадбирни очар экан, Ҳайдар Алиев Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида дўстона муносабат ўрнатиш ва алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутганини таъкидлади. Қардошлик риштаси пойдевори Ҳайдар Алиев ва Шароф Рашидов томонидан қўйилган эди ва бугунги кунга келиб сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Айни саъй-ҳаракатлар турли даражадаги маданий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тадбирлар ташкил қилинишида намоён бўлмоқда.

Ҳайдар Алиевнинг етакчилик сифати, сиёсий тажрибаси Мустақил Озарбайжоннинг барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи омил бўлгани алоҳида таъкидланди. Озарбайжон халқи Умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев 1993 йил Озарбайжон Республикаси раҳбари лавозимига қайтгач, ўз халқи ва мамлакатини асраб қолди. Шу нуқтаи назардан икки давлат биродарлик риштаси мустақиллик йилларида ҳам мустаҳкамланиб, Ҳайдар Алиев, кейин эса ҳозирги Президент Илҳом Алиев билан дўстона алоқа ўрнатилганда янада ривожланди. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида Стратегик дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Кўп қиррали ҳамкорлик ва шериклик муносабатини янада ривожлантириш тўғрисидаги декларация каби муҳим ҳужжатларни ўзида жамлаган сермаҳсул шартномавий-ҳуқуқий база ушбу муносабатлар самараси сифатида намоён бўлди.

Икки қардош давлатнинг ҳозирги раҳбарлари – Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев ўртасидаги муносабат ўзбек-озарбайжон алоқаларини сифат жиҳатидан мутлақ янги босқичга кўтарди, икки томонлама муносабатларнинг кенг кўлами, кўп қиррали томонларини қамраб олган ҳақиқий конструктив ҳамкорлик учун майдон яратди.

Шунинг учун ҳам мазкур конференция Ҳайдар Алиев шахсининг Озарбайжон ва Ўзбекистон тарихидаги беқиёс роли нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Умуман, анжуман икки давлат муносабати ривожи истиқболи ва мавжуд долзарб масалалар муҳокамаси учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.

ЎзА