Туркиядаги амалдаги Президент Режеп Таййип Эрдоған мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларининг биринчи турида бюллетенларни юз фоиз санаб чиқиш натижаларига кўра 49,4 фоиз тўплади. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги Марказий сайлов комиссияси маълумотларига таяниб хабар қилди.
Иккинчи ўринни 44,96 фоиз овоз билан ягона мухолифат номзоди Камол Қиличдорўғли эгаллади. Учинчи ўринни 5,2 фоиз билан “АТА Alyans” номзоди Синан Оган олган.
Сайловчиларнинг 0,44 фоизи сайлов олдидан ўз номзодини қайтариб олган Мухаррам Инжега овоз берган.
Президент сайловининг иккинчи босқичи 28 май куни бўлиб ўтади. Унда Эрдоған ва Қиличдорўғли ўзаро кураш олиб боришади. Бу икки номзоддан бири сайловчиларнинг энг кўп овозини тўпласа, ғолиб саналади.
Марказий сайлов комиссияси раиси Аҳмад Энернинг айтишича, президентлик сайлови биринчи турининг якуний натижаси 19 май куни ҳукуматнинг «Расмий газетаси»да эълон қилинади.
Шу кундан эътиборан хорижий мамлакатлардаги сайлов участкаларида иккинчи турда овоз бериш жараёни бошланади. У 24 майгача давом этади.
Айнан шу куни, шунингдек, сайловнинг иккинчи босқичида иштирок этадиган икки номзод телевидение ва радио орқали сайловолди ташвиқотини бошлашлари мумкин бўлади.
27 май «сокинлик» куни бўлиб, президентликка номзодлар ва сайловчилар тин оладилар.
28 май куни ўтадиган сайловнинг иккинчи босқичи дастлабки натижалари эртаси куни, якуни эса 1 июнь куни расман эълон қилинади.
ЎзА