Кеча Туркияда бўлиб ўтган президентлик ва парламент сайловида берилган овозларни санаш жараёни давом этмоқда. Тўрт номзоддан бири – Муҳаррам Инже тўрт кун аввал курашдан чиққанини маълум қилганди.
Сайлов участкаларидаги қутиларнинг 98,55 фоизи очилиб, бюллетенлар саналганда, амалдаги Президент Режеп Таййип Эрдоған 49.33, мухолифат етакчиси Камол Қиличдорўғли 45 фоиз ва яна бир мухолифат вакили Синан Оган 5,23 фоиз овоз тўплагани маълум бўлди. Бу рақамларни “TRT” телеканали маҳаллий вақт билан соат 07.00 да келтирди.
Президентликка номзод сайловда ғолиб бўлиши учун 50 фоиздан кўп овоз олиши керак.
Хабарда айтилишича, ғолиб хориждаги участкаларда қайд этилган овозлар тўлиқ санаб чиқилгач маълум бўлади.
Биринчи турда ҳеч бир даъвогар етарли овоз йиғолмаса, 28 майда иккинчи тур ўтказилиши белгиланган.
Кеча, шунингдек, Туркияда парламент сайлови ҳам бўлиб ўтган. 15 май саҳардаги маълумотга кўра, давлат раҳбари етакчи бўлган Адолат ва тараққиёт партияси 49,74 фоиз овоз тўплаб, парламентдаги 600 ўриндан 324 тасига даъвогар бўлиб турибди. Қиличдорўғлининг Республика халқ партияси 34,94 фоиз кўрсаткичга эга.