Жорий йилнинг 12 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг навбатдан ташқари Пленуми ўтказилди.

Унда партия Сиёсий Кенгаши ҳамда Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маълумки, 2023 йил 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш белгиланди.

Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 10 май кунидаги қарори билан мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси бошланганлиги эълон қилинди.

Шу муносабат билан мазкур Пленум йиғилиши муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Президент сайловида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг иштироки, партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатиладиган бўлажак номзод бўйича таклифлари ҳамда партиянинг навбатдан ташқари XI Қурултойини чақириш вақти ва кун тартиби тўғрисидаги муҳим масалалар юзасидан маслаҳатлашиш, тегишли вазифаларни белгилаб олишга бағишланди.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Президентлик сайлови янги сиёсий-ҳуқуқий майдон, хусусан янгиланган Конституция нормалари асосида янгича руҳ, янгича шароитда ўтиши кутилмоқда.

Пленумда маърузачилар томонидан сайловда муносиб иштирок этиш учун партиянинг салоҳияти етарли эканлиги, галдаги бош вазифа сайлов жараёнларида яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиш, партиядан Президентликка муносиб номзодни кўрсатиш лозимлиги  алоҳида таъкидланди.

Пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб Махмудова Робахон Анваровнани кўрсатиш масаласини партиянинг навбатдаги Қурултойи муҳокамасига киритиш бўйича қарор қабул қилинди.

Номзод бўйича сўз олганлар, Робахон Анваровна ҳуқуқшунос сифатида ҳаёт ва фаолияти давомида адолатни қарор топтириш ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилганлиги, юксак инсоний фазилатлари, ватанпарварлиги, унинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод сифатида тўғри танланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Партия масъуллари Марказий сайлов комиссиясига “Адолат” СДПнинг сайловда иштирок этиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги ҳужжатлар белгиланган тартибда тақдим этилиши қайд этилди.

Пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг навбатдан ташқари XI Қурултойини чақириш вақти, жойи ва кун тартиби тўғрисида келишиб олинди.

Пленум кун тартибидаги барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Маҳмудова Робахон Анваровнанинг  

ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Маҳмудова Робахон Анваровна 1958 йил 9 ноябрда Фарғона вилоятининг Фарғона туманида зиёлилар оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1983 йилда Тошкент давлат университетининг “Ҳуқуқшунослик” факультетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1976 йилдан Фарғона вилоят судининг котиби вазифасида бошлаб, 1979-1983 йилларда Фарғона шаҳар 1-сонли Давлат нотариал идорасининг нотариуси, 1983-1987 йилларда Фарғона вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, 1987-1990 йилларда Фарғона вилоят партия қўмитасининг йўриқчиси, 1990-1999 йилларда Фарғона вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 1999-2001 йилларда Фарғона вилоят судининг судьяси, 2001-2004 йилларда Фарғона шаҳар судининг раиси, 2004-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси, 2008-2013 йилларда Фарғона вилоят судининг раиси, 2013-2017 йилларда Фарғона юридик коллежининг ўқитувчиси вазифаларида ишлаган.

2017-2020 йилларда Фарғона вилояти Халқ қабулхонаси мудири, 2020 йил январь ойидан Олий Мажлис Сенатининг Фан таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси лавозимларида фаолият олиб борган.

2020 йил 13 июлдан ҳозирга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Р.А.Маҳмудова фаолияти давомида мамлакатимизда одил судловни амалга ошириш, суд тизимини ислоҳ этиш, судлар мустақиллигини таъминлашга оид ислоҳотлар ташаббускори ва ижроси ҳисобланади. Шунингдек, жиноий жазоларни енгиллаштириш, жазо тайинлашда адолатни таъминлашга оид бир қатор Олий суд Пленуми қарорлари муаллифи.

Шунингдек, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу борада қонунчиликни такомиллаштириш, маъмурий судларни ривожлантириш ва суд корпусини малакали мутахассислар билан тўлдириш бўйича салмоқли ишларни амалга оширган.

Р.А.Маҳмудованинг бугунги кунгача 140 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақолалари чоп этилган. Шунингдек, у судьялар учун 10 га яқин услубий қўлланмалар муаллифи ҳисобланади.

2020 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган. Биринчи малака даражали судья, жиноят ва маъмурий ҳуқуқ бўйича тажрибали мутахассисдир.

Р.А.Маҳмудова оилали, икки нафар фарзанди бор.

 ЎзА