Ўзбек ва тожик халқлари дўстлиги ҳақида гап кетганда, беихтиёр “азалий ва абадийлик” деган тушунчалар хаёлда жонланади.
Тарихи, турмуш тарзи, маданияти бир-бирига яқин бўлган ўзбек-тожик халқлари ўртасидаги ҳамкорлик ришталари сўнгги 6-7 йилда икки давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг саъй-ҳаракатлари туфайли ҳавас қилгулик поғоналарга кўтарилди.
Икки дўст халқ ижодкорлари – журналистлар, шоир, ёзувчилар, маданият ва санъат соҳаси ходимлари ўртасидаги борди-келдилар, айниқса, таҳсинга лойиқ.
Ўзбекистонда чоп бўладиган “Овози тожик” газетасининг бугунги махсус сони айнан ўзбек-тожик халқлари дўстлигига бағишланади.
Газетадан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг икки жондош халқнинг яхши қўшничилиги ҳақидаги фикрлари, “Овози тожик” газетаси мухбири Тожибой Икромов билан Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзоданинг “Бахтиёрлар мамлакатиданман” номли суҳбат, ўзбек ва тожик деҳқонлари ўртасидаги ҳамкорлик, “Дўстлик дарахтини эк…”, “Садоқат ва экран”, “Ҳамкорлик, аввало, икки халқ манфаати учун” каби мақолалар, Навоий, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро вилоятларидан тайёрланган хабарлар ўзбек ва тожик халқларининг дўстлиги боқийлигидан, йўллари – кўзлаган манзиллари бир-бирларига қанчалар муштарак эканлигидан далолат беради.
ЎзА