АҚШда юз бериши мумкин бўлган дефолт АҚШ ва унинг армияси обрўсига жиддий таҳдид солади, бундан Хитой ва бошқа мамлакатлар фойдаланиб қолиши мумкин, деди пайшанба куни Пентагон раҳбари Ллойд Остин.
“Бу бизнинг обрўйимизга путур етказиши мумкин. АҚШга дунё бўйича барқарорлик манбаи, деб қарашади ва биз ҳар доим мажбуриятимизни бажариб келганмиз. Ҳамкорлик қилиб келаётган шерикларимиз бўйича кўп масалалар бор ва шундай шароитда биз ушбу ҳамкорликни давом эттира оламизми, деган савол туғилади”, – дея таъкидлаган Остин АҚШ Конгрессида сўзга чиқиб.
Бундан ташқари, Остиннинг таъкидлашича, дефолт юз бериши тўғридан-тўғри АҚШ армиясининг хорижда бўлиб туришига ва биз билан ҳамкорлик қилаётган фуқароларга таъсир кўрсатади”.
“Биз уларга аввалгидек маош тўлай олмай қоламиз – бундан Хитой ва бошқа мамлакатлар фойдаланиши мумкин”, – дея қўшимча қилган АҚШ мудофаа вазири.
Аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден агар дефолт юз берса, бу бутун дунёга муаммо келтириб чиқаради, деб огоҳлантирганди.
АҚШ молия вазири Жанет Йеллен давлат қарзлари ҳал қилинмаса, ҳукумат катта эҳтимол билан июнь ойига бориб ўз мажбуриятларини бажара олмай қолиши мумкин, деб огоҳлантирган.