Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирок этиши учун кўплаб имкониятлар, зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Айниқса, йигит-қизларга сифатли таълим бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Президент мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар тизими яратилди. Улар билан ишлашнинг мутлақо янги тизими – «Ёшлар дафтари» ва «Ёшлар дастурлари» ҳаётга самарали татбиқ этилмоқда. Ушбу эзгу ишлар замирада ёш авлоднинг орзу истакларини рўёбга чиқариш, ёшлар учун муносиб ҳаёт шароити яратиш каби улкан мақсад мужассам.
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг янги таркибдаги биринчи таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қонунчилик палатасининг ёшлар масалалари бўйича комиссияси аъзолари, уч босқичли сайловнинг якуний натижаларига кўра сиёсий партиялар томонидан ғолиб деб топилган 150 нафар ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, йигит-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш ва уларни қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жалб қилиш мақсадида 2020 йилда Парламентнинг икки палатасида алоҳида Ёшлар парламентлари ташкил этилиб, уларга ҳар томонлама фаол ва ташаббускор ёшлар сайланган эди. Ўтган давр мобайнида ушбу тузилма ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини юксалтириш, уларни қонун ижодкорлиги жараёнига жалб этиш, янги қабул қилинган қонунларни ёшлар орасига тарғиб қилиш орқали йигит-қизларнинг жамият ҳаётидаги дахлдорлигини кучайтиришга хизмат қиладиган муҳим институт сифатида шаклланди.
Ёшлар парламенти аъзолиги учун ўтган навбатдаги сайлов ҳам эркин рақобат муҳитида ҳамда ҳалоллик тамойили асосида, сиёсий партиялар ўртасидаги қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар шароитида кечди. Натижада турли йўналишларда Ватанга садоқат билан ишлаётган, таълим олаётган, ташаббускор, кенг дунёқараш ва чуқур билим ҳамда лидерлик салоҳиятига эга ўғил-қизлар ушбу тузилмадан жой олди.
Ёшлар парламентининг аввалги чақириқдаги аъзолари томонидан Қонунчилик палатаси кўриб чиқишида бўлган қонун лойиҳалари юзасидан жами 97 та таклиф тайёрланган, шундан 34 таси эса қонун лойиҳаларини такомиллаштириш жараёнида инобатга олингани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, ўтган чақириқ давомида ёшлар сиёсати юзасидан қатор ҳокимлик ва вазирлик, идоралар мутасаддиларининг ахборотлари эшитилиб, республика миқёсида жами 138 та ўрганиш тадбирлари амалга оширилган.
Шу билан бирга, конституциявий ислоҳотларнинг барча босқичида Ёшлар парламенти аъзолари фаол иштирок этиб, янгиланган Конституция лойиҳасига бир қатор таклифлар берди.
Биринчи таъсис йиғилишида янги чақириқдаги Ёшлар парламенти ўз фаолиятини такомиллаштириб бориши, интилувчан, фидойи, ватанпарвар ёшларимизнинг сиёсий фаоллигини таъминлашга хизмат қиладиган платформага айланиши лозимлиги таъкидланди.
Янги таркиб олдида ёш авлод манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини парламентда муҳокама қилиш, ёшларнинг қонун ижодкорлигида иштирокини таъминлаш, бўлажак депутатлар, Сенат аъзолари, сиёсатшуносларни тайёрлаш ва ёшларни ўз мақсадлари ва лойиҳаларини амалга ошириш каби юксак вазифалар тургани қайд этилди.
М.Комилова,
ЎзА