“Ўзбекистонликлар дорихоналарда дори-дармонларнинг қимматлашгани ҳақида хабар бериб, пул ишлашлари мумкин бўлади.

1 июндан “Soliq” тизими орқали фуқаролар дори воситалари нархи ошишини аниқлаганлиги учун жарима суммасининг 20 фоизи ёки 1,7 миллион сўм миқдорида мукофот олишлари мумкин бўлади”.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда шу мазмундаги тарқалаётган хабарлар сабаб фуқароларда, “солиқ иловасидан фойдаланилса, мурожаатлар қай тартибда кўриб чиқилади?” каби саволларни келтириб чиқармоқда.

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мутахассислари ушбу маълумотларга ойдинлик киритишди.

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаш, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарларни ишлаб чиқариш ҳамда айланмасига чек қўйишда жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йил 1 июндан бошлаб, мурожаатлар “Soliq hamkor” ахборот тизими орқали қабул қилинади ва кўриб чиқилади.

“Soliq hamkor” ахборот тизими орқали мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

• ахборот тизими орқали келиб тушган мурожаатлар назорат ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун асос бўлади;

• мурожаатлар ваколатли органлар томонидан 10 иш кунида мажбурий тартибда кўриб чиқилиб, натижаси бўйича мурожаат йўллаган шахс хабардор қилинади, бундан қонунчиликда белгиланган ҳолатлар мустасно;

Ўз тасдиғини топган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жариманинг 20 фоизи миқдорида рағбатлантирилади.  

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2 ой муддатда ваколатли органлар томонидан “Солиқ ҳамкор” ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда қонун бузилиш ҳолатлари ҳақидаги хабарларни тўғридан-тўғри қабул қилиш имкониятини яратиш белгиланган.

Бугунги кунда мазкур тизимни ишга тушириш бўйича чоралар кўрилмоқда.

М.Эшмирзаева, Д.Якубов, ЎзА