Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини (ННТ) ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда 2023 йилнинг 27 февралидан 31 мартигача бўлган муддатда эълон қилинган давлат гранти 1- ва 2- танловларига келиб тушган лойиҳалар кўриб чиқилди.
— “Жамият ва оилада соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш” мавзусидаги давлат гранти 1-танловига қабул қилинган 236 та лойиҳадан 46 тасини 4 миллиард сўмга, “Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этишга кўмаклашиш” мавзусидаги давлат гранти 2-танловига қабул қилинган 192 та лойиҳадан 45 тасини 4 миллиард сўмга қўллаб-қувватлаш бўйича қарор қабул қилинди, — деди Парламент комиссияси раиси ўринбосари Б.Тожиев. — Давлат грантларининг ажратилиши жамиятда маънавий муҳитни соғломлаштиришга, радикаллашув, мутаассиблик ва ёт ғоялар таъсирига тушиб қолганларни ижтимоий онг ва дунёқарашини ўзгартириш, унга қарши курашиш ҳамда камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилашга кўмаклашишдан иборат.
“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунинг 21-моддасига мувофиқ, давлат ижтимоий буюртмалари шаклида бандлик ва меҳнат муносабатлари, ҳуқуқ, тиббиёт, таълим, маданият, туризм, экология ва бошқа ижтимоий соҳаларда, вазирлик ва давлат органларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича 62 та 114,4 миллиард сўмлик давлат ижтимоий буюртма лойиҳалари қабул қилинди.
Парламент комиссияси аъзолари давлат органларининг ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий шерикликда амалга оширадиган ижтимоий буюртмаларни долзарблигига кўра тақдимотини ўтказди.
Парламент комиссиямиз аъзолари 18 миллиард сўмга тақдимотдан ўтган 10 та давлат органининг 10 та буюртмасини жорий йилнинг давлат ижтимоий буюртмаси шаклида молиялаштиришга эълон бериш бўйича қарор қабул қилди. Танловни ўтказиш муддати жорий йилнинг 15 майидан 15 июнигача бўлган муддатга белгиланди, — деди маърузачи.
Йиғилишда қайд этилганидек, давлат ижтимой буюртмалари лойиҳалари натижасида болалар ва ўсмирларнинг ёш тоифаларини инобатга олиб, улар учун мўлжалланган ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналари нашр этилади. Андижон вилояти Избоскан туманидаги “Ифтихор” МФЙда 575 та хонадонда истиқомат қилувчи 3 минг 318 нафар аҳоли, “Муқимий” МФЙдаги 652 та хонадонда истиқомат қилувчи 3 минг 451 нафар аҳоли тоза ичимлик суви билан таъмиланади.
Шунингдек, алоҳида эҳтиёжли ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатишнинг модернизациялашган, ўзида бир неча касбни мужассамлаштирган ўқув-методик қўлланма ишлаб чиқилади.
Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани 103-мактаб-интернатининг ўғил болалар ва қиз болалар учун касб-хонаси тўлиқ замовнаий усулда жиҳозланади. Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги 360 нафар кўзи ожизлар учун 100 та янги иш ўрни яратилади. Замонавий услубда қурилган ишлаб чиқариш цехи, 1 та кутубхона, 1 та маданий марказ ишга туширилади.
Бундан ташқари, Фарғона вилояти, Қўқон шаҳар туғуруқ комплексида “Репродуктив саломатлик маркази”ни ташкил этиш орқали 2 000 нафар ўсмир қизлар ва ҳомиладор аёллар бепул тиббий кўрикдан ўтказилади. Марказ 3D, 4D ва УЗИ аппарати билан жиҳозланади. Қўқон шаҳар туғуруқ комплекси янги туғилган чақалоқлар ўртасида ўлим сонини камайтириш мақсадида 2 дона СИПАП аппарати билан таъминланади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этилган 14 та МРМлар фаолияти мониторинг қилинади. Касбга ўргатиш ёки қайта касбга тайёрлашда МРМлар моддий-техник базасидаги етишмовчиликлар тўлдирилади.
Буюртма доирасида 10 минг нафар фуқаро талабгор касбга ўргатилади ва қайта тайёрланади. Шундан 4 минг нафарининг бандлигини таъминлашга эришилади.
Йиғилишда дастурга мувофиқ, “Аҳолининг ҳуқуқий онги ва мулоқот маданиятини юксалтириш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини ошириш” мавзусидаги давлат гранти 3-танлови эълон қилинди.
Танловни ўтказиш муддати жорий йилнинг 15 майидан 15 июнигача қилиб белгиланди.
Йиғилишда Парламент комиссияси аъзолари томонидан давлат гранти танловларига тақдим этилган лойиҳалар бўйича фикрлар, таклифлар билдирилди.
Жамиятда ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалиётга жорий этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА