Пойтахтимизда “EXEED” маркали премиал автомобилининг тақдимотига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Маҳаллий ва хорижлик масъуллар, мутахассислар ва ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда ўзбек автомобиль бизнеси оламидаги муҳим воқеа – тез орада Ўзбекистонда “EXEED” автомобилини йиғувчи заводнинг очилиши кутилаётгани ҳамда шу муносабат билан “EXEED” маркали премиал автомобилининг тақдимотига асосий эътибор қаратилди.
Матбуот анжуманида “Асака Motors International” бош директори Акромжон Тўхтабоев, тижорат директори Саиджон Турсунов, “Chery International EXEED Uzbekistan” савдо бўйича директори Лоусон Хан ва бошқалар томонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг стратегик истиқболлари, Ўзбекистон бўйлаб диллерлик тармоғини кенгайтириш, шунингдек, Тошкентда “EXEED Rohat” ва “ЕХЕЕД Tashkent city” автосалонларининг очилиши режалаштирилаётганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, “EXEED” автомобиль брендининг Ўзбекистондаги расмий дистрибьютори «Асака Motors International» компанияси ҳисобланади.
– Биз “EXEED”нинг Ўзбекистон бозорига кириш истиқболларини ижобий баҳолаймиз. “EXEED” premium автомобиль бренди ҳисобланиб, маҳсулотлари Европа автомобиль ишлаб чиқаришининг энг яхши анъаналари асосида яратилган, автомобилсозлик саноатининг сўнгги замонавий технологияларидан фойдаланади. Шу сабабли, улар Ўзбекистондаги бу соҳанинг ҳозирги “моҳир”лари билан бемалол рақобатлаша олади. Бугунги кунда одамлар учун машина нафақат транспорт воситаси, балки у ҳаётий заруратга айланиб улгурди. Шунинг учун “EXEED” автомобилларини ишлаб чиқувчилари ва дизайнерлари автомобилнинг хавфсизлиги ва ишончлилиги устида кўп ишладилар. Ушбу автомобиллар ҳайдаш тажрибангизни оширади, у имкон қадар қулай ва хавфсизликни кафолатлайдиган кенг кўламли ақлли тизимлар ва техник-кўмакчилар билан жиҳозланган, – деди «Асака Motors International» компанияси тижорат директори Саиджон Турсунов.
Тадбирда, шунингдек, тез кунларда Сирдарё вилоятида ҳам “EXEED” автомобиль йиғиш заводи очилиши маълум қилинди. Янги завод минтақадаги энг замонавий автомобиль ишлаб чиқариш объектларидан бири бўлиб, илғор технологиялар ва замонавий ускуналардан фойдаланган ҳолда “EXEED” автомобилларини йиғади, энг юқори сифат ва хавфсизлик стандартларига мувофиқлигини таъминлайди. Ўзбекистонда “EXEED” заводининг очилиши минтақада автомобилсозлик саноатини кескин ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ва иқтисодий ўсишни юксалтиришга хизмат қилади.
“Chery International EXEED Uzbekistan” савдо бўйича директори Лоусон Хан томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги Ўзбекистон ва Хитой давлатларининг иқтисодий ўсишида аҳамиятли эканига урғу берди.
– “EXEED” автомобиль йиғиш заводининг очилиши нафақат компаниямиз ривожланишидаги янги босқич, балки Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлигимизнинг далилидир. Ишончимиз комилки, бизнинг лойиҳамиз мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради ва минтақада автомобилсозлик саноатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади, – деди у.
Тадбирда иштирокчиларга “EXEED” маркали премиал автомобили имкониятларига доир видеолавҳа тақдим этилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА