Туркия президентлигига номзод, “Ватан” партияси етакчиси Муҳаррам Инже ўз номзодини қайтариб олиши ва олий лавозим учун курашдан чиқишини маълум қилди. Унинг баёноти маҳаллий телеканаллар томонидан намойиш қилинди.

“Мен ҳар бир хонадонни парламент сайловларида “Ватан” партиясига овоз беришга чақираман. Президентлик сайловидан номзодимни қайтариб оламан”, деди у.

Бу қарорга сабаб қилиб, Инже ўзига нисбатан турли провокациялар, айбловлар ва нотўғри маълумотлар кўринишидаги нохолис ва ҳаддан ташқари босимни кўрсатди.

“Мен 40 йилдан бери сиёсатнинг ичидаман, лекин йиллар давомида сўнгги 45 кун ичида нималарни кўрмадим. Қандайдир қалбаки чеклар, сохта видеолар… Менинг суратим Исроилнинг баъзи ҳаёсиз сайтларида жойлаштирилди. На полиция, на прокурор буларни тергов қиляпти. Буларнинг барчаси тухмат. Туркия давлати менинг обрў-эътиборимни ҳимоя қила олмади”, деб қўшимча қилди у.

“Бутун сайловолди кампания давомида обрўйимни тушириш учун нишонга олиндим”.

Туркиядаги президентлик сайловини уч номзод: амалдаги давлат раҳбари Режеп Таййип Эрдоған, Республика халқ партияси етакчиси Камол Қиличдорўғли ва “АТА” альянсидан кўрсатилган Синан Оган давом эттиришади.

Мамлакатда парламент ва президетлик сайловлари 14 май куни бўлиб ўтади.


ЎзА