Маълумки, 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг вояга етмаган шахснинг мустақил равишда хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги бўлган тақдирда хорижга кузатувчисиз чиқиши мумкин. Лекин бунда талаб этилмайдиган ҳолатлар ҳам мавжуд.
Хўш, қайси ҳолатда ота-онадан бирининг розилиги талаб қилинмайди? Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Муҳриддин Шамсиддинов билан суҳбатлашдик.
–Президентимизнинг 2018 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган.
Унга кўра, давлат хизматини кўрсатишда сўровнома ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатлардан (биометрик паспорт ёки ID-карта)дан ташқари бошқа ҳужжатлар талаб этилишига йўл қўйилмайди.
Қуйидаги ҳолатлар эса бундан мустасно. Жумладан, илгари берилган хорижга чиқиш биометрик паспортининг асл нусхаси, хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилган ҳолларда ваколатли органнинг қарори нусхаси, хорижга чиқиш биометрик паспортининг амал қилиши суд ажрими билан тўхтатиб турилганида процессуал мажбурлов чораси бекор қилинганлиги ҳақида ваколатли органнинг қарори нусхаси ҳамда вояга етмаган шахслар учун ота-оналари ёки васийлар (ҳомийлар)нинг фуқаронинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги, ота-оналарнинг ҳар иккиси маълумотларни йиғиш пунктига бевосита мурожаат қилган ҳоллар бундан мустасно.
Сўровнома Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборилганда ота-оналар ёки васийлар (ҳомийлар)нинг нотариал тасдиқланган розилиги талаб этилмайди. Бунда ота-оналар ёки васийлар (ҳомийлар)нинг розилиги фақат электрон рақамли имзони қўллаш орқали амалга оширилади.
Шунингдек, 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг вояга етмаган шахснинг мустақил равишда хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги бўлган тақдирда хорижга кузатувчисиз чиқиши мумкин.
Ота-оналар, васийларнинг вояга етмаган шахснинг мустақил равишда хорижга чиқишига розилиги, улар бевосита маълумотларни йиғиш пунктига ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилган тақдирда нотариал тасдиқланиши талаб этилмайди. Сўровнома ЯИДХП орқали юборилганда ота-оналар ёки васийлар (ҳомийлар)нинг розилиги фақат электрон рақамли имзони қўллаш орқали амалга оширилади.
–Қайси ҳолатда ота-онадан бирининг розилиги талаб қилинмайди?
–Ўзбекистон Республикасининг вояга етмаган фуқаросига хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида ота-онанинг бири вафот этганда, боқувчиси ёлғиз она бўлган ҳолларда, боланинг ота-онасидан бири хориж фуқароси бўлганида, ота-онадан бири суд томонидан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилинган, бедарак йўқолган деб топилган ёхуд муомалага лаёқатсиз деб топилганида ҳамда ота-онадан бирининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги доимий яшаш жойи бўйича рўйхати хорижга доимий яшашга кетганлиги муносабати билан бекор қилинганида ота-онадан бирининг розилиги талаб қилинмайди.
–Аёл ёки эр хорижда доимий яшаш учун рухсатнома олишда улардан бирининг розилиги талаб этиладими?
–Ҳа, бунда розилиги керак. Вақтинча яшаш учун хорижга чиқиб кетган, у ерда қонуний тарзда яшаётган ҳамда хорижда доимий яшашга қарор қилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари доимий яшаш учун рухсатномани расмийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг тегишли консуллик муассасасига қуйидаги ҳужжатлар билан мурожаат қилишлари шарт.
Хусусан, белгиланган шаклдаги ариза-анкета, биометрик бўлмаган намунадаги паспорт ёки биометрик паспорт ёхуд хорижга чиқиш биометрик паспорти, туғилганлик ҳақида гувоҳноманинг нусхаси, ҳарбий гувоҳноманинг ёки чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси ёхуд мудофаа ишлари бўлимининг белгиланган намунадаги маълумотномаси (ҳарбий хизматга мажбурлар учун).
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган ўз ота-оналарининг ва турмуш ўртоғининг (биргаликда чиқиш ҳолатлари бундан мустасно), шунингдек, агар биргаликдаги никоҳдан вояга етмаган болалар бўлса, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган собиқ турмуш ўртоғининг нотариал тасдиқланган розилиги, консуллик йиғимлари тўланганлиги ҳақидаги квитанция.
Эслатиб ўтиш керакки, доимий яшаш учун хорижга чиқишда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган ўз ота-оналарининг ва турмуш ўртоғининг (биргаликда чиқиш ҳолатлари бундан мустасно), шунингдек, агар биргаликдаги никоҳдан вояга етмаган болалар бўлса, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган собиқ турмуш ўртоғининг нотариал тасдиқланган розилиги, улар вафот этган ёки бедарак йўқолган ҳолларда эса вафот этганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг ёки суднинг шахсни бедарак йўқолган деб эътироф этиш ҳақидаги қарорининг нотариал тасдиқланган нусхаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига тақдим этилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА