Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Қатар давлатига амалий ташрифи давомида ушбу мамлакат вазирлик, идоралари ҳамда йирик компаниялари раҳбарлари билан музокара ўтказди.

Учрашувларда инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясининг бугунги ҳолати, алоқаларни янада кенгайтириш масаласи кўтарилди.

Хусусан, савдо ва саноат вазири Муҳаммад Ол Соний билан савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқани ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинди. Ҳамкор томон мавжуд салоҳиятни юқори баҳолади ва Қатар давлати раҳбарининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи кўп қиррали шерикликни янада чуқурлаштиришга кучли туртки бериши, муносабатлар тарихида янги саҳифа очишига ишонч билдирди.

Ўзаро савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси ҳамда энергетика, нефть-кимё, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, туризм, IT соҳаси ва бошқа соҳалардаги инвестиция лойиҳаларини қамраб олган Саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқишга келишилди. Икки томонлама солиқларни чеклаш, инвестицияни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида битим имзолашга тайёргарлик кўриш чоралари белгиланди.

Томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракати билан Тошкентда икки давлат йирик ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида бизнес-форум ташкил этиладиган бўлди.

Молия вазири Али Ал-Қуварий билан суҳбат чоғида бир қатор инфратузилмавий лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриш маъқулланди. Марказий банк бошқарувчиси – Қатар инвестиция агентлиги раиси Абдулла Ол Соний билан Қатар ва Ўзбекистон тижорат банклари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Энергетика вазири – Қатар Энергетика компанияси раиси Саад Ал-Каъбий ҳамда “Nebras Power” компанияси билан энергетика соҳасида қўшма лойиҳалар амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.

Савдо-саноат палатаси раиси Халифа Ол Соний билан учрашув доирасида қўшма Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Қатар “National Cement”, “Baladna”, “Qatar Diar”, “Fitco Detergents”, “Katara Hospitality” компаниялари раҳбарлари билан кечган музокараларда қурилиш материаллари, маиший кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, чорвачилик, меҳмонхона, савдо-кўнгил очар ва турар-жой мажмуалари қуриш бўйича йирик лойиҳалар амалга ошириш истиқболи муҳокама қилинди.

Бундай мулоқот, учрашувлар ҳар икки томон учун манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш имконини бериши шубҳасиз.

 

ЎзА