Европада чоршанба куни бўлиб ўтган биржа савдосида минг кубметр газ нархи 400 доллардан ҳам пастлади, яъни, бир кунда газ қиймати 4 фоизга арзонлашди, дейилади Лондондаги ICE биржаси маълумотларида.

Июнь ойи учун минг куб метр газга фьючерс нархлар TTF  индекси бўйича 409,5 доллар миқдорида бошланган эди. Тез орада ушбу нарх 410,7 долларгача ошган. Бироқ кечга бориб фьючерс нарх 2021 йил июлдан буён илк бор 400 доллардан ҳам пастлаган.

Чоршанба куни бўлиб ўтган биржа якунларига кўра, энг паст нарх 392,4 долларни ташкил этган, кейинчалик 395,7 долларгача кўтарилган.

Ўтган йили баҳорда минг куб метр газ учун энг юқори нарх – 3900 доллар таклиф этилган эди, шундан буён нархлар аста-секин арзонлашмоқда.

Газ нархининг арзонлашувига Европада ерости газ омборлари етарлича захира ғамлагани, шунингдек, вазиятни яхшилашга қаратилган иқтисодий чоралар ҳамда қишнинг илиқ келиши асосий сабаб бўлди, дейилади хабарда.