Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан оталиққа олинган Нукус шаҳридаги 31-сонли умумтаълим мактабининг “Ёш божхоначи” тўгараги аъзолари учун “Хўжайли” чегара божхона постига саёҳат ташкил этилди.

Қўшни Туркманистон Республикаси билан чегарада жойлашган автотранспорт ва пиёдалар ҳаракати амалга ошириладиган халқаро мақомдаги ушбу чегара божхона пости орқали бугунги кунда кириш йўналишида ҳаракат амалга оширилмоқда.

Тўлиқ қувватда кунига 1-1,5 минг фуқаро ва 100-200 та енгил ва юк автотранспорт воситаларини ўтказувчанлик қобилиятига эга бўлган мазкур постнинг моддий-техник базаси ҳамда рақамлашган технологиялари мактаб ўқувчиларида катта таассурот қолдирди.

Сайёр ўқув машғулоти давомида пост орқали ҳаракатланаётган фуқароларни божхона назоратидан ўтказиш тартиблари амалий кўрсатиб берилди. Божхона чегаралари орқали юртимизга олиб кирилиши тақиқланган товар-моддий бойликлар, улар аниқланганда, божхона ходимининг тезкор ҳаракатлари   амалий мисоллар билан тушунтирилди.

Машғулот давомида божхоначиларнинг “тўрт оёқли дўстлари” имкониятларига ишонч ҳосил қилиш мақсадида ўқувчилар автотранспорт воситасининг яширин қисмларига ўз қўллари билан тақиқланган ашё бекитди ҳамда пост кичик инспектор-кинологидан хизмат ити ёрдамида уни топишини сўради. Хизмат итининг чаққонлик билан ашё яширилган жой ҳақида эгасига сигнал беришидан ҳайратланган ўқувчи  ёшлар  кўзларида порлаган қизиқиш учқунларини яриша олишмади.

Божхона постидан бир олам таассурот билан қайтган ўқувчиларда халқимизнинг фаровон турмуши ва юрт тинчлигини асрашга ўз ҳиссасини қўшишдек миллий ватанпарварлик туйғуларининг жўш ургани шубҳасиз. Ушбу ёшлар орасидан ҳам келажакда мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигига жавобгар бўлган етук божхоначилар етишиб чиқишига ишонамиз.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири