Кейинги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, кичик саноат зоналарини барпо этиш ва шу орқали ишбилармонларнинг истиқболли лойиҳаларини рўёбга чиқариш борасида олиб борилаётган салмоқли ишлар натижасида Наманган вилояти – Янги Ўзбекистоннинг саноат ва тадбиркорлик марказига айланди. Бу 2023 йил февраль ойида Наманган вилоятига ташриф чоғида давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътироф этилди.

Дарҳақиқат, бундан олти йил аввал Республиканинг дотациясида ўтирган, камбағаллик кўрсаткичлари юқори вилоятга бугун ташриф буюрган ҳар қандай киши шиддатли янгиланишлар туфайли Наманганда ёрқин жозибадор муҳит қарор топганига амин бўлади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев бошчилигидаги делегациянинг Наманганга хизмат сафарини амалга оширилишида ҳам водий вилоятидаги ислоҳотлар билан яқиндан танишиш, тўпланган тажрибаларни Оролбўйида ҳам кенг татбиқ этишдан иборат.

Делегация аъзолари дастлаб Уйчи туманидаги “Ёркатай” кичик саноат зонасида тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, бизнес лойиҳалари самаралари билан танишди. Таъкидлаш жоиз, кичик саноат зоналари – Наманган вилоятининг иқтисодий ўсиш нуқталаридан бири ҳисобланиб, республикада биринчилардан бўлиб, 2017 йилдан Наманган шаҳрининг чекка ҳудудларида жорий этила бошланди. Мамлакатимиз раҳбарининг махсус қарори билан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларда ишбилармонлик муҳитини кенгайтириш мақсадида кичик саноат зоналари барпо этилди, бугунги кунга келиб уларнинг сони 80 тага яқинлашди. Уларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ўзининг сифати ва рақобатбардошлиги билан дунё бозорларини эгалламоқда.

4,7 гектар майдонни эгаллаган “Ёркатай” кичик саноат зонасида умумий қиймати 115 миллиард сўмни ташкил этувчи 26 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу жойда асосан текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган бўлиб, 1 минг 730 та янги иш ўрни яратилади.

Меҳмонлар Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамроҳлигидаги “Mega fayz teks” масъулияти чекланган жамияти томонидан калава ипдан мато маҳсулотлари ишлаб чиқариш, “Agro sof zaxira” масъулияти чекланган жамиятида тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, “Уйчи мед диагноз” масъулияти чекланган жамиятининг пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари билан танишди. Бугунги кунда мана шундай кичик саноат корхоналари фаолияти самарали эканлиги алоҳида таъкидланди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси делегацияси ташриф доирасида Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” кичик саноат зонасидаги учрашувлар, амалий мулоқотлар қорақалпоғистонлик меҳмонлар учун манфаатли ўтди. Маҳалла ичида қурилган вилоятдаги навбатдаги истиқболли зонада қарийб 10 гектар майдонда 46 та лойиҳа асосида тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Айни пайтда мазкур саноат ҳудудида 18 та лойиҳа ўз фаолиятини бошлаган. Жумладан, «Sifat yogʻoch» масъулияти чекланган жамиятда ҳозирда юзга яқин йигит-қизлар меҳнат қилмоқда. Ишчилар сони 150 нафарга етиб, тўла қувват билан ишланса, йилига 31 миллиард сўмлик мебел маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Мулоқот чоғида Наманганнинг ҳар бир ҳудудида ташкил этилган шундай ишлаб чиқариш корхоналарининг вилоят иқтисодиётида алоҳида ўрин тутиши айтиб ўтилди.

Жорий йилнинг 21 майидан 21 июнига қадар Наманган шаҳрида анъанавий равишда ўтказиб келинаётган нафосат анжумани – 62-Халқаро гуллар фестивали бўлиб ўтади. Айни пайтда мазкур тадбирга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Қорақалпоғистонлик делегация вакиллари асосий байрам тадбирлари ўтадиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб, фестивалга тайёргарлик ишларини кўздан кечирди.

Қайд этиш жоиз, хиёбоннинг барча кўнгилочар масканлари, сўлим жойлари юзлаб гуллардан иборат байрамона композициялар билан безатилмоқда. Бир-бирини такрорламас гўзаллик асарлари оролбўйилик меҳмонларнинг ҳайратини оширди.

Фестиваль ўтказиладиган асосий масканлар ҳамда диққатга сазовор кўча-хиёбонларга 30 миллион дона гул экиш ишлари олиб борилмоқда. 300 турдаги гуллардан юзлаб композициялар яратиш бўйича гулчи дизайнерлар меҳнат қилмоқда.

Дарвоқе, Наманганнинг қўли гул гулчилари, ободонлаштириш бошқармасининг фидойилари айни кунларда Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, асосий кўча ва хиёбонларни водий гуллари билан безамоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси бошчилигидаги делегациянинг Наманган вилоятига амалий ташрифи давом этмоқда.


Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА