Бугун Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар кўриб чиқилди.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаш тўғрисида”ги фармони билан 2023 йил 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилиши белгиланди.
Сайлов кодексига Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни билан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаган тақдирда, сайлов Сайлов кодексига тўлиқ мувофиқ ҳолда икки ой ичида ўтказилиши белгиланган. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.
Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев бошқарган мажлисда сайлов кампаниясини эълон қилиш ва сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Календарь режани тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Унга кўра, 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови учун сайлов кампанияси 10 майдан бошланиши белгиланди.
Сайловни ўтказиш билан боғлиқ қонунчиликда белгиланган тадбирларни босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда мажлисда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Календарь режаси тасдиқланди.
Мазкур Календарь режада мантиқий изчиллик асосида қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар ва уларни амалга ошириш муддатлари белгиланди. Хусусан, Календарь режага мувофиқ сайлов жараёнининг 7 та йўналиши бўйича 51 та тадбирлар назарда тутилди.
Календарь режа сайлов кампаниясини қонун талабларига риоя қилган ҳолда очиқ ва ошкора, тўғри ҳамда самарали ташкил этиш, мавжуд куч ва имкониятларни оқилона тақсимлаш ва сафарбар этишни таъминлайди.
Мажлис якунида кун тартибдаги масала юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА