Жорий йилнинг 5 май куни Лондон шаҳрида Давлат-хусусий шериклик соҳасидаги энг нуфузли “Partnership Awards – 2023” халқаро мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Бу тантанали маросим Ўзбекистон учун яна бир бор алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Яъни унда Наманган шаҳридаги оқова сув тозалаш иншоотларини қуриш лойиҳаси “Коммунал секторнинг энг яхши лойиҳаси” номинациясида ғолиб деб топилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги  Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси маълум қилди.

Таъкидлаш керакки, Наманган шаҳрининг оқова сувларини тозалаш иншоотлари лойиҳаси республикада ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматларини кўрсатиш бўйича ДХШнинг тажриба лойиҳаси ҳисобланади. Лойиҳа тендерида 23 та компания иштирок этган бўлиб, икки босқичли тендер очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилди. Тендер натижаларига кўра, шартнома “Метито” компаниясига тақдим этилди. “Метито” – Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган бўлиб, сув ресурсларини бошқариш ечимларини етказиб берувчи глобал инвестор компаниядир.

Маълумот ўрнида, Наманган шаҳрининг оқова сувларни тозалаш иншоотлари лойиҳаси кунига 100 минг м3 бўлган янги оқова сувларни тозалаш имкониятига эга бўлади. Лойиҳа шаҳар ва унинг атрофидаги бешта туманга хизмат кўрсатадиган 7,5 км. узунликдаги оқова сув тармоғини қуришни назарда тутади. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида ҳудуддаги 1,8 миллион нафаргача бўлган аҳолига тўлақонли хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.

Ўзбекистон иккинчи бор нуфузли “Partnership Awards” мукофотига лойиқ кўрилиши лойиҳанинг илғор халқаро ДХШ стандартларига мувофиқ амалга оширилишини, унинг ижтимоий ва экологик аҳамияти юқори эканини кўрсатади. Шунингдек, лойиҳанинг барча иштирокчилари томонидан амалга оширилган ишларнинг юқори самарадорлигини ва секторда қабул қилинган лойиҳа қарорларини акс эттиради.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқуловнинг қайд этишича, хусусий сектор билан ҳамкорлик туфайли талаб юқори бўлган инфратузилма лойиҳаларини татбиқ этиш учун зарур капитални молиявий ва ресурс билан таъминлаш сезиларли даражада оширилмоқда.

– Ушбу лойиҳалар туфайли бугунги кунда олдимизда турган ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни янада самарали ҳал этишга ҳисса қўшмоқдамиз. Энг муҳими, биз бу жараёнда тажриба алмашамиз ва янги имкониятларни очиб беришга имкон берадиган глобал стандартлар ва инновациялар билан маҳаллий танишувимизни тарғиб қиламиз. Бизда узоқ йўл бор, лекин биз маррага эришиш учун муҳим босқичларни босиб ўтдик. Ўзбекистоннинг кетма-кет иккинчи йил “Partnership Awards” ғолиби деб эълон қилиниши халқаро ҳамжамият томонидан мамлакатимизда ДХШ секторини ривожлантириш борасидаги ишларнинг муваффақиятли амалга оширилаётганидан далолат беради,  – деди  вазир ўринбосари.

 

Н.Зиёдуллаева,  

ЎзА