Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутасаддилари Лондонда бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон таълим форуми доирасида таълим вазирликлари делегациялари билан учрашди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ва Ҳиндистоннинг Ассам штати федерал таълим вазири Доктор Ранож ўртасида ташкил этилган суҳбат жараёнида Ҳиндистон инглиз тили ва информатика йўналишларидаги олий таълим муассасалари битирувчиларини Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим муассасаларига “устоз-шогирд” модели асосида амалиётга ва таълим жараёнига жалб этиш масаласи муҳокама қилинди. Ассам штати федерал таълим вазири Доктор Ранож ушбу масалада Британия Кенгашининг Ҳиндистон ваколатхонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига амалий ёрдам беришга розилигини билдирди.

Шунингдек, Ливия мамлакати олий таълим ва илмий тадқиқот вазири Доктор Омран Муҳаммад ал-Гийиб томонидан Ўзбекистон умумий ўрта таълим тизимида араб тилини хорижий тил сифатида ўқитиш йўналишида ҳамкорлик, жумладан, Ливия томонидан араб тилида дарс берувчи ўқитувчилар учун Ливия олий таълим муассасаларида магистр ва илмий тадқиқот (PhD) таълими учун грантлар ажратилиши таклифи берилди.

Британия Кенгаши Мактаблар, касбий таълим ва ноанъанавий таълим бўйича Глобал директори Марк Герберт билан музокара чоғида вазир Ҳилола Умарова Ўзбекистонда мактабгача ва мактаб таълимидаги ислоҳотларнинг тўрт асосий йўналишида Британия Кенгаши билан ҳамкорлик олиб борилишини маълум қилди.

“ETS”  халқаро таълимда баҳолаш ташкилотининг Бош директори Амит Севак билан ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини баҳоловчи Praxis имтиҳонларини Ўзбекистон таълим тизимига адаптация қилиш, ўқитувчи ва мактаб раҳбарлари учун малака ошириш курслари ва уларнинг касбий баҳолаш тестларини жорий қилиш, ихтисослаштирилган мактабларга қабул жараёнларида талабгор ўқувчиларнинг инглиз тилини билиш даражасини баҳоловчи “TOEFL Junior” тестларидан фойдаланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

“ODILO” онлайн таълим технологиялари ташкилотининг глобал тижорий вице-президенти Скот Смит билан ўтган учрашувда онлайн-таълим платформаси имкониятларидан фойдаланган ҳолда мактабдан ташқари таълим йўналишида ўқувчиларнинг билимини мустаҳкамлашнинг мослаштирилган рақамли таълим тизимини жорий қилиш, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга ўқувчиларни ўқитишга мослаштирилган контентдан фойдаланиш истиқболлари бўйича фикр билдирилди.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА