Ўзсаноатқурилишбанк фаолиятини халқаро экспертлар кўмагида трансформация қилиш жараёнида янги молиявий моделлар ва улар асосида банк бизнесини самарали бошқаришга қаратилган лойиҳаларни ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Бугунги кунда банк тизимида муассасанинг бизнес йўналишларидаги молиявий кўрсаткичлари халқаро тажрибада муваффақиятли синовдан ўтган “маҳсулотлар ёндашуви” асосида режалаштирилмоқда, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқарув раисининг ўринбосари Шохпур Гултураев. – Тизим бундан кейин ҳам босқичма-босқич ривожлантириб борилади, бунинг учун малакали мутахассислардан иборат лойиҳа гуруҳи шакллантирилган. Ҳозирда банк мутахассисларининг малакаси оширилди, маълумотлар базаси тўлдирилди.
“Бюджетлаштириш” тизимини жорий этиш босқичлари, бу борада халқаро тажрибадан фойдаланилганлик даражаси, дастур имкониятлари ҳақида пойтахтимизда Ўзсаноатқурилишбанк томонидан SAP технологиялари асосида ишлаб чиқилган йирик лойиҳа – “Бюджетлаштириш” тизимининг тақдимотида батафсил маълумот берилди.
Унда бу тизим банк молиявий кўрсаткичлари ўзгаришининг ички ва ташқи омилларини таҳлил қилиш, даромадлигини оширишнинг барқарор манбаларини аниқлаш, ҳар бир банк маҳсулоти ва сотув нуқталари бўйича муассаса фойдасини режалаштириш, тармоқлар молиявий ҳолатини тўғри баҳолаш орқали улар фаолиятини оптималлаштириш, харажатлар ҳажмини қатъий назоратга олиш ва оптималлаштириш, банк бизнесига ресурсларни тўғри тақсимлаш имконини бериши таъкидланди.
Президентимизнинг 2020 йил 12 майда қабул қилинган “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармонида соҳани замонавий ахборот технологиялари асосида рақамлаштиришга қаратилган қатор вазифалар белгиланган.
Ўзсаноатқурилишбанк халқаро экспертлар кўмагида трансформация қилиш жараёнида ушбу топшириқлар ижросига алоҳида эътибор қаратмоқда. Натижада янги молиявий моделлар ва улар асосида банк бизнесини самарали бошқаришга қаратилган лойиҳалар ишга туширилди. Германиянинг илғор SAP дастури негизида яратилган “Бюджетлаштириш” тизими шулар сирасидан.
Тизим бизнес бўлинмалар ва банк маҳсулотлари бюджетини тузиш ҳамда мониторинг қилиш, банк ресурслари бўйича трансферт баҳони шакллантириш, харажатларни банк маҳсулотлари бўйича тақсимлаш каби йўналишларни ўз ичига олади. Шунингдек, “Бюджетлаштириш”, кодлаштириш орқали амалга оширилган тизим мижозга йўналтирилган шаффоф банк маҳсулот ва хизматларни яратишни қўллаб-қувватлайди, улар таннархини пасайтириш заруратини аниқлайди, кам рентабелли маҳсулотларни ривожлантириш йўналишларини белгилайди. Мисол учун, банкнинг қайси ҳудуддаги филиали мижозларининг микрокредит ёки автокредитга талаби юқорилигини энди аниқлаш имкони бор. Аввал бундай маълумот мавжуд эмасди.
– Лойиҳани амалга ошириш жараёнида ҳар бир йўналишга алоҳида ёндашилди, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий менежмент департаменти директори Ойбек Воҳидов. – Хусусан, банк бизнес йўналиши ва маҳсулотлари учун ягона бюджет моделларини амалга оширишда “SAP Business Planning and Consolidation” дастуридан, банк маҳсулотлари бўйича харажатларни тақсимлаш, трансфер нархларни белгилаш моделларини жорий етиш учун “SAP Profitability and Performance Management” дастуридан, молиявий кўрсаткичларнинг визуализациясини ишлаб чиқиш мақсадида эса, “SAP BO Web Intelligence” дастуридан фойдаланилди.
Тадбир сўнгида меҳмонлар эътиборига банк бизнесини самарали бошқаришда истиқболдаги режалар ҳам намойиш этилди. ОАВ вакиллари ва мутахассисларнинг лойиҳага тегишли саволларига мутахассислар жавоб берди.
Реклама ҳуқуқи асосида
ЎзА